Сенат Раиси Танзила Нарбаева парламент юқори палатасининг саккизинчи ялпи мажлисида мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларга тўхталди.
– Ўтган галги ялпи мажлисимизда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун маъқулланган эди, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Куни кеча Президентимиз мазкур Қонунни имзолади. Таъкидлаш жоизки, Қонун билан йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга ечим топилди. Соҳадаги норматив асоснинг заифлиги, кўплаб бўшлиқларнинг мавжудлиги туфайли жамиятимизда ногиронлиги бўлган шахслар кўплаб муаммоларга дуч келарди. Бу – ногиронликни қайд этиш жараёни, уларни ижтимоий ҳаётга интеграция қилиш, тўсиқсиз муҳитни яратиш каби масалаларда кўп кузатилар эди.
Қонун қабул қилинди. Энди норматив-ҳуқуқий база заиф, деган баҳоналар кетмайди. Муаммоларни тезда бартараф этиш лозим. Масъул идоралар ушбу йўналишда тезкор амалий чоралар қабул қилиш шарт.
Масаланинг долзарб бўлгани боис Сенат назоратида сақланади. Мутасадди вазирлик ва идораларнинг бу борада амалга оширган ишлари Олий Мажлис юқори палатаси мажлисларида муҳокама қилиб борилади.






