Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Баҳодирбек Муллахонов бугун вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати хабар берди.
"Ажойиб инсон, камтар ва билимли раҳбар Баҳодирбек Муллахонов меҳнат фаолияти давомида халқ хўжалигининг турли соҳаларида сидқидилдан меҳнат қилган. Хусусан, юртимизда банк-молия соҳасининг ривожланишида унинг муносиб хизматлари борлигини соҳа ходимлари яхши билар ва чуқур қадрлар эди.
У Тошкент вилояти ҳокимлигида ишлаган нисбатан қисқа муддатда кўплаб ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга бошчилик қилган, ҳамкасблари ўртасида ардоқли устоз ва дўст сифатида катта ҳурмат қозонган эди.
Баҳодирбек Муллахоновнинг оила аъзолари, яқинлари ва сафдошларига чуқур таъзия билдирамиз. Ҳамкасбимиз ва дўстимиз, ажойиб инсон Баҳодирбек Муллахоновнинг ёрқин хотираси қалбимизда бир умр сақланиб қолади",- дея таъзия изҳор қилган Тошкент вилояти ҳокимлиги жамоаси.






