Бугун АОКАда "Устоз-2020" миллий мукофотини ташкиллаштиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Қайд этилишича, «Устоз-2020» Миллий танлови ғолиблари илк бор ўқитувчилар томонидан сараланади. Ғолиблар Дубайда бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросимида иштирок этади.
Жорий йилда илк бор "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" танлови ўзгача шаклда ўтказилади. Танловда тизимли ислоҳот қилиш учун халқаро тажриба асосида танловни бу йилдан бошлаб вазирлик ходимлари эмас, айнан ўқитувчилар ўтказади.
Танловнинг асосий ташкилотчиси сифатида Ўзбекистон тарихида илк бор “Ўқитувчилар уюшмаси” нодавлат ташкилоти иштирок этади.
Танловнинг 6 та номинация бўйича ғолибларнинг ҳар бирига 30 млн сўм мукофот пули берилади ҳамда ғолиблар ҳар йили Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган Global Teacher Prize 2021 тақдирлаш маросимида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.
Танлов илк бор ҳар йили ўтказиб келинадиган Global Teacher Prize мукофотини ва 36 та мамлакатда ўқитувчиларнинг миллий мусобақаларини ўтказишга ёрдам берадиган Varkey Foundation халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилади.
️Танловда қатнашмоқчи бўлган барча ўқитувчилар бир вақтнинг ўзида www.ustozmukofoti.uz веб-сайтига ариза юборишлари мумкин ва танлов маълум бир географик ҳудудга тегишли бўлишидан қатъи назар амалга оширилади.
Бундан ташқари, ҳозирги пайтда ўқитувчилар ўз фанлари бўйича билимлар билан эмас, балки ўқувчилар билан алоқа ўрнатиш қобилияти, етакчилик, жамиятдаги фаол фуқаролик позицияси, ижодкорлик, ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шу билан бирга уларни жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми сифатида ҳис қилишларига ёрдам бериш каби мезонлар бўйича рақобатлашмоқдалар.
Аризалар фақат www.ustozmukofoti.uz веб-сайтида қабул қилинади ва шаффофликни таъминлаш учун танлов мезонлари ва шартлари тўғрисидаги барча маълумотлар ҳамда барча ишлар намойиш этилади.
Танлов жорий йилнинг 22 октябридан 16 декабргача ўтказилиб, пандемия шароитида танловнинг 3 босқичидан 2 таси онлайн тарзда ўтказилади. Сўнгги босқичда 30 нафар финалга чиққанлар Тошкент шаҳрига келиб, Тошкент вилоятидаги тоғларда жойлашган оромгоҳида 5 кунлик тадбирда мазмунли вақт ўтказишлари мумкин. Кўнгилочар танловлар, жамоавий ўйинлар, Амирсойга саёҳат, тоза ҳавода ўйинлар ва дам олиш учун барча шароитлар яратилади. Шундан сўнг ғолиблар пойтахтга қайтиб, тантанали тақдирлаш маросимида иштирок этадилар.






