25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев соҳа вакилларини табриклади, дея хабар берди Президент матбуот хизмати.
"Кейинги тўрт йилда барча соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда ушбу тизим фаолияти тубдан такомиллаштирилиб, марказий аппаратдаги шахсий таркибнинг 85 фоизи бевосита аҳоли яшаш пунктларига, қуйи тизимларга туширилди.
Ички ишлар органларини халққа янада яқинлаштириш, мурожаатларни туну кун қабул қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ва ўз вақтида ҳал этиш мақсадида 200 тага яқин ички ишлар бўлими ва бўлинмалари фаолияти тўлиқ янгитдан ташкил этилди..
Соҳада шахсий таркибни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг яшаш ва хизмат шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Сўнгги тўрт йилнинг ўзида 241 та хизмат уйлари қурилиб, уй-жойга эҳтиёжи бўлган ва хизматда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларнинг оилаларига топширилгани ҳам бу борадаги ишларимизнинг амалий тасдиғидир. Бундан ташқари, 2018-2020 йилларда соҳа ходимлари учун имтиёзли ипотека кредити асосида Тошкент шаҳрида барпо этилган замонавий кўп қаватли уйлардан 392 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса 2 мингга яқин квартира ажратилди.
Ички ишлар органлари инновацион рақамли технологиялар ва ахборот-коммуникация тизимлари билан мунтазам таъминланмоқда. Биргина 2017-2020 йилларда шахсий таркиб учун 45 та янги хизмат объекти қурилиб, фойдаланишга топширилгани бу фикрни тасдиқлайди" дейилади табрик матнида.
Шунингдек, табрикда мамлакатимизда биринчи марта ҳар бир маҳаллага бир нафардан профилактика инспектори бириктирилгани, уларга маҳалла раисининг ўринбосари мақоми берилгани, уларга 6 787 та хизмат уйлари қурилгани, 7 388 та шахсий автомашина учун имтиёзли кредитлар ажратилгани қайд этилади.
Мамлакатимиз тарихида илк бор фақат аёл ходимлар ишлайдиган хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилгани ҳам алоҳида таъкидланади.
"Сизларни яна бир бор касб байрамингиз билан чин юракдан қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга файзу барака, ғоят масъулиятли ва серқирра фаолиятингизда янги зафарлар тилайман" дейилади давлат раҳбари табригида.






