Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғлаги зиддиятлар борасида фикр билдирди. У ким томонда эканлигига шаъма қилди.
"Яна бир бор икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари (Озарбайжон ва Арманистон) олдимизга келишди. Мен америкалик шерикларимиз биз билан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишига, келишувга ёрдам беришига умид қиламан. Келинг, энг яхши нарсаларга умид қилайлик. Озарбайжон ҳудудининг муҳим қисми йўқотилган ва бундай ҳолат абадий давом этиши мумкин эмас. Ўтган йиллар давомида биз вазиятни узоқ тарихий истиқболда барқарорлаштириш учун ушбу инқирозни ҳал қилишнинг турли хил вариантларини таклиф қилдик.
Ишонинг, бу сулҳга яқинлашиш бўйича чора эди. Шунча вақтдан бери яна бир қадам қўйилса, муаммо ўз ечимини топарди. Афсуски, бу содир бўлмади ва бугун биз кутган энг ёмон тахмин рўй берди. Ва фожиа шундаки, кўп одамлар ўлмоқда", деди Россия президенти Владимир Путин Валдай клуби йиғилишида.
Путиннинг "Озарбайжон ҳудудининг муҳим қисми йўқотилган вазият абадий давом этиши мумкин эмас" деган сўзларида кўпчилик унинг Озарбайжонни қўллаб-қувватлашини кўрди. У Россия армияси Қорабоғда Арманистонни қўллаб-қувватламаслиги ҳақида аввалроқ баёнот берганди ва бу баёнот Озарбайжон фуқароларида Россия ва Озарбайжоннинг самимий муносабатларига ишончни кучайтирди.






