Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Франциянинг Le Figaro газетасига берган интервьюсида Россия мамлакат учун асосий қурол етказиб берувчи эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда rbc.ru ахборотига таяниб Дарё ёзмоқда.
«Биз қуролларни кўплаб мамлакатлардан сотиб оламиз. Энг кўп ҳарбий техникани Туркия ҳам, Исроил ҳам эмас, Россия бизга етказиб беради. Аммо Арманистондан фарқли ўлароқ, биз Россиядан сотиб олинган қурол-яроғ учун пул тўлаймиз. Арманистон қуролни Россиядан бепул олади. Биз қуролларни, шунингдек, Эрон, Украина ва Беларусдан ҳам оламиз. Албатта, бугунги кунда бизда армиямизга ҳудудий яхлитлигимизни қайта тиклашда ёрдам берувчи замонавий қурол-яроғ сотиб олиш имконияти бор», — деди Алиев.
Давлат раҳбари, шунингдек, Озарбайжон ўз ҳудудий яхлитлигини ўзи мустақил тиклаётганини таъкидлади.
«Табиийки, бизнинг минтақада ҳар қандай мамлакат қурол сотиб олади. Дунёдаги барча мамлакатлар ҳам ўзини қурол-яроғ билан 10 фоиз таъминлай олмайди. Шундай экан, бу ерда ғалати нарсанинг ўзи йўқ. Албатта, биз қурол учун пул тўлаймиз, яхши қурол сотиб оламиз ва у бизга жойларда ёрдам бермоқда. Бироқ ҳудудлар истилодан дронлар ёрдамида озод этилаётгани йўқ. Ҳудудлар у ерда ўз бурчларини ўтаётган аскарлар, одамлар томонидан озод қилинмоқда.
Октябрь ўрталарида Алиев арманистонлик бизнесменлар мамлакатга қурол ва ёлланма жангчиларни контрабанда йўли билан Россиядан олиб кираётганини айтган эди. Озарбайжон президенти сўзларига кўра, арманистонлик бизнесменлар, шу жумладан, Самвел Карапетян ва Ара Абрамян шу мақсадлар учун 30-40 миллион доллар турадиган Ил-76 самолётини сотиб олган.
Аммо «РБК»га берган интервьюсида Россия арманлар иттифоқи президенти Ара Абрамян Арманистонга қурол етказиб бериш айбловларини рад этиб, бизнесменлар фақат гуманитар ёрдам билан шуғулланаётганини айтганди.






