Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 15 сентябрдаги тўғридан-тўғри шартнома доирасида Dori-Darmon компаниясидан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Оксивин» (гидроксихлорохин) препаратидан бир миллион қадоқ сотиб олган. «Gazeta.uz»нинг давлат харидлари сайтидаги маълумотларга асосланиб ёзишича, 10 та таблеткали бир қадоқ дори 7300 сўмдан тушган.
Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган 46-сон баёни билан ўқитувчиларга тавсия тариқасида гидроксихлорохин ва рух (цинк) препаратларини тарқатиш таклифи маъқулланган, бундан кўзланган мақсад – мактабларда пандемиянинг нохуш оқибатлари ва ўқитувчиларнинг коронавирус билан касалланишининг олдини олиш. Ушбу қарорни қабул қилишда соғлиқни сақлаш соҳасидаги етакчи мутахассислар (Э.Боситхонова, Н.Парпиев, И.Ливерко, Л.Тўйчиев, Ҳ.Оқилов) фикри инобатга олинган.
Республика махсус комиссияси баёни билан гидроксихлорохин ва рухни тўғридан-тўғри Dori-Darmon компаниясидан сотиб олиш ва тиббиёт пунктлари орқали ўқитувчиларга тарқатиш ҳақида кўрсатма берилган. Ҳужжатда Dori-Darmon компанияси Ўзбекистонга аллақачон 1 миллион қадоқ гидроксихлорохин (200 мг №10) олиб кираётгани кўрсатиб ўтилган. Дори воситаларини Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан сотиб олиш ҳақида топшириқ берилган.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилар орасида гидроксихлорохин ва рухни бепул тақсимлаш учун Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан қўшма буйруқ қабул қилингани ҳақида хабар берган эди. Вилоятлардаги халқ таълими бошқармалари ҳам дори воситалари солинган қутиларни қабул қилиб олган.
Гидроксихлохин дунёда
Гидроксихлорохин – безгак (малярия), ревматоид артрит, ювенил сурункали артрит, дискоид ва тизимли қизил югурик (волчанка), қуёш нури таъсирида юзага келган ёки кучайган тери касалликларида тавсия қилинадиган дори воситаси.
Пандемия бошида дастлабки «кузатув» даражасидаги клиник тадқиқотлар сабаб ушбу дори воситасига катта умид билдирилган эди. Бироқ ушбу тадқиқотлар кам сонли беморлар (36 киши) билан лозим даражадаги назоратсиз ўтказилган. Гап француз вирусологи Диде Раулнинг 20 мартдаги мақоласи ҳақида бормоқда – унда олим гидроксихлорохинни азитромицин билан бирга қўллаш натижасида вируснинг юкламаси пасайганини тавсифлаган.
Гидроксихлорохин Ўзбекистонда
Ўзбекистонда гидроксихлорохиндан пандемия бошидан бери фойдаланилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси (ИССМП) 13 июль куни коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича қўшма клиник қўлланмани тасдиқлади. Нуфузли Lancet тиббиёт журналида ушбу препаратнинг самарасиз экани ҳақида мақола эълон қилингач, қўшма клиник қўлланмадан гидроксихлорохин чиқариб ташланган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов Ўзбекистонда «Плаквенил» (гидроксихлорохин) билан 12 минг киши даволанганини айтди. Август ойи бошида бўлиб ўтган матбуот анжуманида профессор ушбу препаратни қўллаш масаласида Ўзбекистон ЖССТнинг тавсияларига эмас, балки ўз тажрибасига таянишини маълум қилди.
Айни вақтда у Ўзбекистонда беморлар айнан гидроксихлорохин сабаб соғайиб кетганини тасдиқловчи тадқиқотлар ўтказилмаганини тан олиб, ҳозир бундай тадқиқотларга вақт ҳам, зарурат ҳам йўқлиги таъкидланмоқда.
Матбуот анжуманида Dori-Darmon компанияси бошқаруви раиси Умида Солиҳбоева «Плаквенил» атрофидаги муҳокамаларни «сиёсий масала» деб атаганди. Унинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қарори стандарт ҳисобланади. «Амалиётчи шифокорларга қулоқ солиш керак, ўзича сайт очиб олиб, аҳолини чалғитадиган қандайдир фолбинларга эмас», – деганди у.
Охир-оқибат ушбу дори воситаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан уйда даволанаётган беморларга бепул тарқатиладиган тўплам ичида қолди. Давлат органлари ушбу дорини сотиб олишда ва унинг фойдаси ҳақида бонг уришда давом этмоқда. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 9 октябрь куни Dori-Darmon'дан 2,1 миллиард сўм эвазига 300 минг қадоқ гидроксихлорохин сотиб олган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 20 октябрь куни коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси Эъзозбек Ризаевнинг интервьюсини эълон қилди, унда гидроксихлорохин препарати Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволашда ижобий натижа бергани таъкидланади.
«Бизга маълумки, вирус инсон организмига кирган пайтда нафас йўлининг юқори қисмида ўртача тўрт кун давомида сақланиб туради. Гидроксихлорохин касалликнинг айни мана шу даврида ўзининг юқори самарадорлигини намойиш этади. Аммо вирус ўпкага етиб борганидан сўнг гидроксихлорохин фойда бермайди. Шу сабабдан ҳам касалликнинг бошланғич даврида ушбу препаратни қўллаш фойда бермоқда», – деган Ризаев.
Эъзозбек Ризаев Марсель университети тадқиқотига асосланиб фикр билдирган -- унга кўра, касалликнинг илк кунларида гидроксихлорохин қабул қилган 6 беморнинг 5 нафари 6-7 кунда соғайгани, аксинча, гидроксихлорохин берилмаган беморларнинг аҳволи 14-20 кунгача яхшиланмаган. Штаб аъзосининг таъкидлашича, «тажрибадан ҳам кўриниб турибдики, ушбу дори касалликнинг илк кунларида қўлланилганда 83 фоиз ҳолатда самарадор».
Ўтган жума Франция фармацевтика агентлиги (АНСМ) гидроксихлорохинни кенг қўллашни, аввало, мамлакат тиббиёт муассасаларида ушбу препаратдан фойдаланишни тақиқлади. «ТАСС»нинг ёзишича, ушбу қарор препаратдан фойдаланиш бўйича Марсель университетининг «Меditarrene enfekson» госпиталидан тушган сўровни кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган. Госпиталга ушбу препаратдан кенг қўллаётган ва номи юқорида зикр этилган профессор-вирусолог Диде Рауль раҳбарлик қилади.
Олим пандемия бошидан бери гидроксихлорохиннинг юқори самарадорлигини исботлашга уринади, бироқ у тиббиёт инстанциялари ва турли экспертларнинг қаттиқ қаршилиги ва кескин танқидларига дуч келмоқда. Диде Рауль ОАВдаги баҳс-мунозараларини бир кун бўлса-да тўхтатмаган. Францияда ушбу дори воситаси Sanofi корпорацияси томонидан Plaquenil («Плаквенил») номи билан чиқарилади.
Бироқ Фармацевтика агентлиги ўз қарорида янги коронавирусга қарши курашда гидроксихлорохиндан фойдаланишни Францияда тўлиқ тақиқлаганини эълон қилмаган. Шифокорлар ҳали ҳам «ҳар бир ҳолатни индивидуал кўриб чиқиш» ва истисно тариқасида бу дорини тавсия қилиши мумкин. Улар беморларни ушбу доридан фойдаланишнинг нохуш оқибатларидан, хусусан, юрак қон-томир тизимига салбий таъсиридан бохабар қилишлари шарт – Франция фармацевтика агентлигининг маълумотларига кўра, дорининг айнан юрак қон-томир тизимига салбий таъсири айниқса кучли.