АсосийJamiyat

Тошкентда коронавирусдан даволанишда талаб юқори бўлган «Remdesevir 100 mg» дорисининг бир қутисини 750 минг сўмдан сотаётган шахслар қўлга олинди

'Тошкентда коронавирусдан даволанишда талаб юқори бўлган «Remdesevir 100 mg» дорисининг бир қутисини 750 минг сўмдан сотаётган шахслар қўлга олинди'ning rasmi

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан, халқимиз учун синовли кунларда кундалик эҳтиёж маҳсулотларининг тақчиллиги юзага келиши ва нархларнинг кўтарилиб кетишига асло йўл қўймаслик, аҳолини озиқ - овқат маҳсулотлари ва дори - дармонлар билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш чоралари кўриб келинмоқда.

Шу билан бирга, бутун дунё баробарида халқимиз бошига келган оғир кунларда, ҳар жиҳатдан Ватанимиз, элимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳр-мурувват ва саҳоватпешалик ишларида қатнашиш, кўпнинг дардини енгил қилиш ишларида иштирок этмасдан, коронавирус касаллигига дучор бўлиб оғир аҳволда қолган, дориларга муҳтож бўлганларнинг даъво топиш ризқини қийган, нафс балоси, пул топишнинг қинғир йўлларини ўзига раво кўрган ғараз ниятли кимсалар ҳам учраб турибди.

Ҳозирги кунга прокуратура органлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан моддий бойлик орттириш мақсадида жиноятга қўл урган бундай  шахсларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилмоқда. Бош прокуратура Матбуот хизмати ана шундай ҳолатлар юзасидан маълумотлар тақдим этди.

Жумладан, Департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими 24.10.2020 йилда фуқаро М.А.нинг мурожаатига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ф.А., Қ.Н. ва Б.Д.лар «Коронавирус» пандемияси туфайли аҳоли томонидан истеъмол талаби юқори бўлган хорижда ишлаб чиқарилган 85 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситасининг ҳар бир қутисини 750 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 6.200 АҚШ долларига фуқаро М.А.га дорихонадан ташқарида қонунга хилоф равишда сотишган вақтда ушланиб, улардан 85 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси, бундан ташқари, Б.Д.нинг бошқарувидаги «Lasetti» русумли давлат рақам белгиси 01 772 DFA бўлган автомашина кўздан кечирилганда, автомашинанинг салонидан 135 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси, жами тахминий қиймати 165 млн сўмлик 220 қути «Remdesevir 100 mg» дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек Департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро А. Ю., ариза муаллифи С.Х.га “Indvir” 100 мл номли дори воситасини ҳар бир қутисини 100 АҚШ долларидан ҳисоблаб, 100 қути “Indvir” 100 мл номли дори воситасини жами 10.000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган ва тадбирда фуқаро А.Ю.дан жами 108 қути 74,2 млн. сўмлик “Indvir” дориси ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.          

Бундан ташқари, Департаментнинг Андижон вилоят бошқармаси томонидан фуқаро М.П.нинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Х. бошқалар билан тил бириктириб, дори воситаларини нархларини сунъий равишда ошириб, М.П.га ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган “Пропинем 100 мг” дори воситасини ҳар бир донасини 90 минг сўмдан 500 донасини жами 45 млн сўмга, “Меропенем 1мл флаконда” дори воситасини ҳар бир донасини 50 минг сўмдан 1.000 донасини жами 50 млн. сўмга ва “Бициклол 25 мг” ҳар бир қутисини 265 минг сўмдан 300 қутисини жами 79,5 млн. сўмга, ҳаммаси бўлиб 3 ҳил турдаги дори воситаларини 174,5 млн. сўмга сотишга келишиб, ундан 13.550 АҚШ доллари ва 34,9 млн. сўмни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган. 

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда. 

    Бошқа янгиликлар