АсосийJamiyat

Ўзбекистонда «Нобель» совриндорлари тадқиқоти асосида эксперимент ўтказилмоқда

'Ўзбекистонда «Нобель» совриндорлари тадқиқоти асосида эксперимент ўтказилмоқда'ning rasmi

Нобель мукофоти лауреатлари тадқиқот натижаларини Ўзбекистонда қўллаш: Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида эксперимент ўтказилмоқда.

 Жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибаси, А.Банержи, Э.Дюфло ва М.Кремер (2019 йил Нобель мукофоти лауреатлари) камбағалликни қисқартириш бўйича тадқиқот натижалари асосида республиканинг вазирлик ва идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, улар томонидан Тошкент вилоятининг Бўка ва Чиноз туманларида камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини турмуш шароитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш мақсадида жойларга чиқиб эксперимент кузатувлари ўтказилди.

 Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, ишчи гуруҳи аъзолари 8 кун давомида Бўка туманидаги барча маҳаллаларда 10-12 тадан жами 504 та, Чиноз туманидаги барча маҳаллаларда 10-12 тадан жами 648 та, умумий ҳисобда 1152 та уй хўжаликларида кузатувларни амалга оширди.

Кузатувлар давомида уй хўжаликлари таркиби, яшаш шароитлари, истеъмол харажатлари, реал даромадлари, узоқ муддат фойдаланадиган воситалари, уй хўжалиги аъзоларининг моддий неъматлар ва ижтимоий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари, жумладан, бепул тиббий хизматдан фойдаланиши, фарзандларининг таълим олиши сифати, моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда тадбиркорлик ташаббуслари ўрганилди.

Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг ёшига нисбатан бўйи, вазни ўлчанди ҳамда дарсларни ўзлаштириши ўрганилди. Психологлар томонидан эҳтиёжманд оила аъзолари билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг психологик портретини шакллантириш ва камбағалликдан чиқариш бўйича руҳий рағбатлантириш ишлари амалга оширилди.

Кузатувлар якуни бўйича олинган маълумотлар асосида Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини аниқлаш, “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчиси” бўйича ҳисоб-китоб ишларини якунига етказиш, аҳолининг базавий истеъмол харажатлари ва камбағаллик чегараси мезонини ҳисоблашни амалиётга жорий этиш ҳамда республикада камбағалликни қисқартиришга йўналтирилган стратегик чора-тадбирларни ишлаб чиқишда фойдаланиш режалаштирилган.

Бошқа янгиликлар