Жорий йилнинг 20 октябрь куни Паркент тумани “Aviastroitel” боғдорчилик-узумчилик ширкати ҳудудидаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлайдиган сув йиғиш резервуарининг ёрилиши оқибатида сув тошқини содир бўлган. Мазкур ширкат 629 та дала ҳовлига хизмат кўрсатади.
Ҳодиса юзасидан расмий маълумот берган Тошкент вилояти ҳокимлигининг хабарига кўра, ширкат ҳудудидаги 1977 йилда қурилган сув йиғиш резервуари (2000 м3 сиғимга эга) кўп йиллардан бери фойдаланилганлиги боис, таъмир талаб ҳолатга келган, темир конструкцияларининг мустаҳкамлик даражаси йўқолганлиги туфайли авария ҳолати рўй берган.
Оқибатда 17 та дала ҳовлига сув кирган. Хусусан, резервуар яқинида жойлашган 7 та дала ҳовли жиддий зарар кўрган.
Масалан, Раҳматуллаева Гулнора, Мирзева Ирина, Доброенка Кира, Широнова Евгения, Махсумов Довудхон, Абдуллаева Марҳамат ва Ашурова Бумайрамга тегишли дала ҳовлининг асосий биноларига жиддий зиён етган. Уйнинг яшаш хоналари, ошхона, ҳаммом, ҳожатхона ва бостирмаси тиклаб бўлмайдиган даражага келган.
Бугунги кунда Паркент тумани ҳокимлиги томонидан тезкор чоралар кўрилмокда. Ширкат раҳбари Улугбек Абдуллаев томонидан зарар кўрган 7 та дала ҳовлини тиклаш ишларига киришилган.
Паркент тумани ҳокимлиги ташаббуси билан, аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, корхона ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат комиссия тузилди.
Комиссияга туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, молия бўлими, туман бош меъмори, ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри, бандликка кўмаклашиш маркази, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими мутасаддилари кирган бўлиб, улар ширкат раҳбари ва ширкат аъзолари билан кўрилган зарар миқдорини аниқлашади. Албатта, зарар кўрган дала ҳовлиларнинг бино ва иншоотларини таъмирлаш чоралари кўрилади.
Шунингдек, бугунги кунда туман электр тармоқлари, газ таъминоти, “Сувоқава” филиали корхоналари томонидан соҳалар буйича таъминот тизимларининг ҳолати ўрганилиб, зарар кўрган дала ҳовлиларда коммунал тармоқларни тиклаш-таъмирлаш ишларига киришилди.
Шу билан бирга, туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари томонидан аҳоли орасида турли хил касалликлар келиб чиқмаслиги учун профилактик тадбирлар олиб бориляпти.






