АсосийJamiyat

Кейинги йилдан ҳудудда кучли бешликка кирган мактаб раҳбарларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади, ўқитувчилари рағбатлантирилади

'Кейинги йилдан ҳудудда кучли бешликка кирган мактаб раҳбарларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади, ўқитувчилари рағбатлантирилади'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Маълум қилинишича, келгуси йилдан бошлаб 7-синфдан ўғил-қизларнинг касбга қизиқишларини аниқлаш ва босқичма-босқич касбга йўналтириш амалиёти жорий қилиниши белгиланди. Ҳудуддаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш корхоналари мактабларга бириктирилади.

Ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтингини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди. Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар, ҳокимлар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади.

Рейтингда биринчи бешликка кирган мактаб директорларига маҳаллий бюджетдан устама тўланади. Хусусан, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарларига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 бараваридан 12 бараваригача рағбатлантирувчи тўловлар берилади. Шу билан бирга, халқ таълими бўлими раҳбари ва методисти, мактаб директорлари, туман рейтингида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган мактабларнинг 2 нафар илғор ўқитувчисига касаба уюшмалари ҳисобидан ҳар йили сиҳатгоҳларга икки ҳафталик бепул йўлланма берилади. Шунингдек, фидойи педагоглар бошқа йўллар билан ҳам рағбатлантирилади.

Мавзуга доир:

Мактабларни таъмирлаш, ободонлаштириш, иситиш масалаларига ҳокимлар шахсан масъул — Президент

    Бошқа янгиликлар