АсосийJamiyat

​​Коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун бир гуруҳ мутахассислар Германиядан Ўзбекистонга келди

'​​Коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун бир гуруҳ мутахассислар Германиядан Ўзбекистонга келди'ning rasmi

​Кеча, 29 октябрь куни мамлакатимизга Роберт Кох институти (Германия)нинг 8 нафар тажрибали мутахассислардан иборат нуфузли тиббий гуруҳи коронавирусга қарши курашда юртимиз мутахассисларига яқиндан кўмак бериш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрди. 

Бугун Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари Улуғбек Сабиров ва Абдулла Азизов делегация аъзолари билан учрашди. Мулоқот давомида қатнашчилар ўз мамлакатларидаги пандемия шароити ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган зарур чора-тадбирлар ҳақида фикр алмашди.

Шунингдек, учрашувда COVID-19ни жиловлаш борасида дунё тажрибасида қандай усул ва замонавий технологиялардан фойдаланилаётгани муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди.

Ташриф режасига кўра, германиялик шифокорлар Тошкент вилояти Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилин тиббий ёрдам илмий маркази, шунингдек, вилоятлардаги ушбу соҳага ихтисослаштирилган шифохоналар, тиббий марказ ва лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишиб, короновирусни ташхислаш, назоратга олиш ва беморларни даволашда маҳаллий шифокорлар билан ҳамкорликда иш олиб боришади.

— Делегация таркибида институтимизнинг раҳбар кадрлари ҳамда малакали эпидемиолог, анестезиолог-реаниматолог, инфекционист каби тажрибали мутахассислар бор, — дейди делегация аъзоси Жеральд Рипбергер. — Биз бу ерга ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз, шифокорлар билан ўзаро тажриба алмашгани келдик. Ўйлайманки, бу икки давлатнинг ҳам коронавирусга қарши курашишида самарали фойда беради. 

Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар Хитой, Россия, АҚШ, Корея Республикаси, Туркия каби давлатлар билан бир қаторда Германиядан келган нуфузли мутахассислар ҳам Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёнларида бевосита қатнашиб, ўз тавсияларини бериб келишмоқда. 

Германиялик мутахассислар мамлакатимизда 12 ноябрга қадар бўлиши режалаштирилган. 

 
  

Бошқа янгиликлар