Сал аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 октябрь куни узоқ давом этиб келаётган “UzAutoMotors” АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни якунланди.
Суд якунига кўра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иши бўйича 2020 йил 19 августдаги қарори ҳақиқий эмас деб топилди ва шу тариқа “UzAutoMotors” судда ғолиб келди.
Айни пайтда мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда. Хусусан, “UzAutoMotors” фаолиятини доимий танқид қилиб келган Расул Кушербаев ушбу суд қароридан сўнг яна бир бор ўз муносабатини билдирди:
"Ўзавтомоторс" ва уни қўллаб-қувватловчиларнинг ҳарак(ж)атлари зое кетмади. Улар шуни исташди, шу бўлди, улар "бўл" деди, бўлди, "бўлма", деса бўлмасди.
Уларга қанча гул, пул, куч, эътибор керак бўлса ҳаммаси муҳайё. Фақат одамларнинг ишончи ва ҳурматидан ташқари... Аммо улар учун бир чақалик қиймати йўқ ишонч ва ҳурматсиз ҳам улар ғолиб, буюк ва тенгсиз бўлиб қолаверишлари мумкин. Чунки улар "эски Ўзбекистон" бўла туриб "янги Ўзбекистон"ни мағлуб эта олдилар.
Хуллас янги Ўзбекистондаги "эски Ўзбекистон"га "ғалаба" муборак!
Судга эса гап ҳам йўқ", дея ёзиб қолдирди депутат.
Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан “UZAUTOMOTORS” АЖда “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши бўйича қўзғатилган иш 19 август куни кўриб чиқилган эди.
Қўзғатилган ишнинг кўриб чиқилишида компаниядан бирор вакил қатнашмагач, иш охирида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси “UZAUTOMOTORS” АЖ автомобиллар нархини 3 млндан 19 млн сўмгача тушириши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилганди.
Шундан сўнг "UzAvto Motors” АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят киритган эди.
2 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида “UzAutoMotors” АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг ишига оид қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган эди.
Мавзуга доир: