Наманганда Норин дарёси кўприги фойдаланишга топширилди. Бу иншоотда таъмирлаш сабабли 6 ой давомида қатнов тўхтатилган эди. Бунга кўприкда дарз ва ёриқлар кузатилгани сабаб бўлган, деб ёзмоқда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Азиз Абдувалиев.
Реконструкциядан сўнг кўприкнинг эни 1,5 метрга кенгайтирилиб, икки четида пиёдалар учун йўлаклар қурилди. Ҳозир кўприкнинг узунлиги 275, эни 10, баландлиги эса 7 метрни ташкил этмоқда.
Бу ердан энди 1 соатда 834 та, суткасига эса 20 мингдан ортиқ автомобиль ўтиши мумкин. Кўприк қурилишига 8,3 миллиард сўм маблағ сарфланди.







