АсосийJamiyat

Прокурорлар секторлар фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги янги вазифаларини белгилаб олишди

'Прокурорлар секторлар фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги янги вазифаларини белгилаб олишди'ning rasmi

31 октябрь куни Бухоро шаҳрида бевосита секторлар иши учун масъул бўлган катта ёрдамчилар иштирокида Бош прокуратура томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари билан ҳамкорликда “Пандемия шароитида ҳамда яқин истиқболда секторлар фаолиятини самарали ташкил этиш борасидаги долзарб вазифалар” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура маълум қилди.

Тадбирда Президент Администрацияси ходимлари, Бош прокуратура ва унинг қуйи тузилмалари масъул ходимлари, Бухоро вилояти ҳокимлиги, ИИБ, солиқ идораларининг сектор котиблари, вилоят халқ қабулхонаси вакиллари, барча туман (шаҳар)лар 2-сектор котиблари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Семинар-тренингда аҳолини қийнаётган муаммолар билан ишлаш тизими ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.  

Шунингдек, прокуратура масъул ходимларига секторлар олдига қўйилган асосий вазифалар, saxovat.argos.uz сайти билан ишлаш тартиби, секторларда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”нинг юритилиши, уларга эҳтиёжмандлар, ёшлар ҳамда аёлларни киритишнинг мезонлари, кенг жамоатчилик, хусусан оммавий ахборот воситалари билан ишлашнинг  ўзига  хос жиҳатлари  атрофлича  тушунтирилди.

Тадбир баҳс-мунозара руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.

Тадбир иштирокчилари Бухоро вилояти туман ва шаҳарлари 2-секторларида ҳам бўлиб, янги ва муҳим вазифаларни амалга ошириш механизмлари билан бевосита танишдилар ҳамда ўзаро тажриба алмашдилар.

Маълумот учун:  пандемия шароитида прокурорлар секторларидаги 149.911 та эҳтиёжманд оилага 7 млрд сўмлик озиқ - овқат, 380 млн сўмлик дори - дармон, 12.9 млрд сўмлик чорва, 6.6 млрд сўм пул маблағлари  тарқатилган.

Иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, қурилиш комплекс-ларидаги лойиҳалар доирасида ҳамда расмий  ўзини ўзи банд қилиш ва бошқа фаолият турлари бўйича 124.844 нафар эҳтиёжманд оиланинг ишсиз аъзолари бандлиги таъминланган.  

Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида ижтимоий аҳволи яхшиланганлиги сабабли прокурорлар секторларидаги 72.451 та (48,3 %) эҳтиёжманд оила маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари асосида  тегишли  рўйхатлардан  чиқарилган.

Секторларга қўйилаётган вазифалар кўлами кундан-кунга ортаётганлиги эса, уларнинг халқ манфаати йўлидаги фаолиятини янги босқичга кўтариш мақсадида, ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида секторлар фаолияти билан боғлиқ вазифалар ижроси учун масъул бўлган мазкур ҳудудлар прокурорларининг катта ёрдамчиси лавозими жорий этилди.

 

    Бошқа янгиликлар