Наманган вилоятида фуқаронинг ўзи ва оила аъзоларини Умра сафарига юборишни ваъда қилган авиакасса ходимига нисбатан жиноий иш очилди, дея хабар бермоқда ИИВ. Маълум қилинишича, 2020 йил 15 октябрь куни Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатга кўра, 2020 йил февраль ойида Наманган шаҳридаги авиакассалардан бирида ишловчи шахс аризачининг ишончига кириб, ўзини, ота-онасини ҳамда турмуш ўртоғини Умра сафарига юборишини айтган. Шу сабаб авиакасса ходими фуқародан 12 950 АҚШ долларини олиб, ҳозирги кунга қадар алдаб келаётганлиги маълум қилинган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича шаҳар ИИО ФМБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. | |
02.11.2020 21:55