1

Самарқандда ўғрини қароқчи урди

ЖИНОЯТ 05.11.2020, 13:20
Самарқандда ўғрини қароқчи урди

2020 йил 20 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг очиқ суд мажлисида вояга етмаган судланувчи Н.С., ва судланувчилар К.Л., П.Г.га нисбатан жиноят иши кўрилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Зарифа АҲМЕДОВА хабар қилди...

45 ёшли судланувчи К.Л. ўта хавфли рецидивист бўла туриб, 2020 йил февралининг бошларида 2004 йилда туғилган Н.С.ни вояга етмаган ёшда эканини билиб, уни ўта оғир жиноятни содир этишга жалб қилади. Ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлишади. 2020 йил 9 февралдан 10 февралга ўтар кечаси Самарқанд шаҳрида яшовчи аёл О.В.нинг уйига бориб, атрофни кузатиб, ҳеч ким йўқлигидан фойдаланишади. Вояга етмаган Н.С. атрофни кузатиб туради. П.Г. таниши К.Л. ўғирлик жиноятини содир қилиш учун тайёргарлик кўрилаётган ва содир этилиши мумкинлиги ҳақида аниқ билган бўлса-да, ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига хабар бермаган. Натижада, К.Л. билан биргалдикда, атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, жабрланувчининг уйига дераза орқали киришади. Уйдаги сандиқдан 128.725.000 сўмга тенг бўлган 13.550 АҚШ долларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.

                         “АСЛИДА ЯНГАМНИНГ УЙИГА ЎҒИРЛИК ҚИЛИШ УЧУН БОРМАГАНМАН”

Судда сўроқ қилинган судланувчи К.Л. айбига иқрорлик билдирмаган...

— 2019 йил августида вояга етмаган Н.С. билан танишиб қолдим, биргаликда истиқомат қилиб, ишлаб келганмиз. 2020 йил 9 февралдан 10 февралга ўтар кечаси янгам О.В.нинг уйига кириб ўғирлик қилмаганмиз. Иш жойимда бўлган давримда ИИБ ходимлари ушлаб олиб, қийноққа солиб, янгамнинг уйида содир бўлган ўғирлик тўғрисида суриштиришди. Азобларига чидолмай, ушбу ўғирликни Н.С. билан содир қилганимиз ҳақида 2020 йил февралнинг бошларида танишим П.Г.га айтиб берганимни гапириб беришга мажбур бўлдим. Аслида янгамнинг уйига ўғирлик қилиш учун бормаганман. Шунга кўра, хозирги вақтда Н.С. ва П.Г. менга нисбатан туҳмат қилишяпти. Ҳаракатларимда жиноят аломатлари бўлмагани сабабли, оқлов ҳукм чиқаришликни сўрайман.

                                        “ПУЛЛАРНИ ЎЗ ЭҲТИЁЖЛАРИМГА ИШЛАТГАНМАН”

Судда қонуний вакили иштирокида сўроқ қилинган вояга етмаган судланувчи Н.С. айбига қисман иқрорлик билдирди...

— 2019 йил 2 сентябрга қадар мактабда ўқиб келганман. Кейин мактабни ташлаб, мардикорлик билан шуғулландим. 2019 йил августда К.Л. билан танишиб, биргаликда ишлаб юрдик. Биргаликда Самарқанд шаҳрида жойлашган, қуриб битказилмаган уйнинг томида кўрпа-тўшак солиб яшаб келганмиз. Биз билан биргаликда К.Л.нинг таниши П.Г. ҳам ишлаган. 2020 йил январнинг охирларида К.Л. таниши П.Г.га акасининг ўғлининг уйига ўғирликка тушиши ва ушбу ўғирликка ёрдам беришини айтганида рози бўлдик. Кейин жиянининг уйини бир неча марта кўрсатиб, кўча томонга қараб турган деразаси орқали у ва П.Г. уй ичига кириб ўғирлик қилишини, мен эса ташқи томонида туриб бирон бир киши келса айтишимни билдирди. Бир неча маротаба уйнинг олдига кечки вақтларга бориб кўриб келдик. 9 февралдан 10 февралга ўтар кечаси К.Л. акасининг уйида кўп миқдорда пуллари борлиги, улар қора мол сотиб пулларни уйнинг сандиғида сақлаб келганини айтиб берди. К.Л. ўғриликни бир ўзи амалга оширишлик мақсадида уйдан чиқиб кетди. Тахминан 2 соатларда қайтиб келиб, қўлида оқ қоғозга ўралган нарсани матрас ва унинг устидаги кўрпанинг оёқ томонига қўйиб ётди. Уни ухлашини кутиб, К.Л. оёқ томонига қўйган оқ қоғозга ўралган нарсани олиб чиқиб кетдим. Кейин кўприк бўйидаги сувнинг олдига бориб, қоғозни очганимда, ичида жами 13.550.000 АҚШ долларини санаб олдим. Ушбу пулларни ўз эҳтиёжларимга ишлатганман. Шахсан ўзим ўғирликка бормаганман ва иштирок этмаганман. 

Судда сўроқ қилинган 25 ёшли судланувчи П.Г. эса айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.

Судланувчи К.Л. ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а,б” бандлари ва 127-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил кесил 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Вояга етмаган судланувчи Н.С. ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми “а” бандида билан, ЖКнинг 85-моддасига асосан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

ЖКнинг 60, 61-моддаларига асосан жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2020 йил 21 январдаги ҳукми бўйича ўталмай қолган озодликни чеклаш жазосининг бир кунини суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бир кунига тенглаштириб ва тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил кесил 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчи П.Г. ЖКнинг 241-моддаси 1-қисми билан иш ҳақининг 30 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

ЖКнинг 60-моддасига асосан ЖИБ Самарқанд туман судининг 2019 йил 20 июндаги ҳукми бўйича ўталмай қолган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси суд томонидан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил унинг иш ҳақининг 30 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

К.Л. ва Н.С.дан жабрланувчининг фойдасига 43.391.508 сўм моддий зарар солидар тартибда ундирилиши белгиланди. 

С.АЛЛАБЕРГАНОВА, журналист

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1