1

Хотинини ўзини ўзи осиб ўлдиришига сабабчи бўлган бухоролик эркак қамалди

ЖИНОЯТ 06.11.2020, 16:33
Хотинини ўзини ўзи осиб ўлдиришига сабабчи бўлган бухоролик эркак қамалди

Ҳеч қаерда ишламайдиган 30 ёшли фуқаро Равшан Фармонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи 25 ёшли Фароғат Наврўзова билан олти йил яшаб, унга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиб келган. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ  маълум қилди. 

У икки нафар фарзандини ҳам ижтимоий жиҳатдан таъминламасдан, уларнинг қийналиб, оч-наҳор яшаб келишига сабабчи бўлган. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан азоб чекиб, муттасил калтак ва тепкилар оқибатида одамови бўлиб қолган Фароғат «Дўстлик» МФЙ раиси Улуғбек Абдуллаевга мурожаат қилган. Равшан эса маҳалла фуқаролар йиғинида берилган танбеҳ ва насиҳатлардан тегишли хулоса чиқармай, баттар жазавага тушган. Хотини ва фарзандларига яшаш уйидаги умумий фойдаланишда бўлган ошхона ва ҳаммомдан фойдаланишни тақиқлаган. Етмагандек, овқат пишириши учун ошхонадан фойдаланишига ҳам тўсқинлик қилган.

Эрининг қилмишлари етмагандек, Фароғатга қайнонаси Насиба Ҳамроева ва қайнопаси Феруза ҳам зўравонлик қилган. Уни ва қизларини арзимас нарсалар учун камситиб, хўрлаб келган.

Фарзандлари билан ночор аҳволга тушиб қолган Фароғат Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди орқали болалари таъминоти учун алимент ундириб бериш ҳақида ариза ёзган. Бу эса унинг турмуш ўртоғи Равшанга ёқмаган ва яшаш хонадонидаги умумий фойдаланишда бўлган ҳаммомда чўмилаётган хотинини яланғоч ҳолда ҳовлига судраб чиқариб, аёллик ғурури ва нафсониятини поймол қилган. Аёвсиз калтаклаб, ҳақорат қилиб, танасининг турли қисмларига қўли билан уриб, дўппослаб, унинг ўнг кўз юқори ва пастки қовоқ соҳасига, ўнг елка ва ўнг сон соҳасига қасддан тан жароҳати етказган. Бу ҳолат Қоракўл тумани Маъмурий судида кўриб чиқилиб, ўз тасдиғини топган.

Орадан бир неча кун ўтар-ўтмас Р.Фармонов ўзининг жиноий ҳаракатларини яна давом эттирган ва турмуш ўртоғи Ф.Наврўзова билан сабабсиз жанжал кўтарган. Уни уриб-дўппослаб, ўнг қўл биринчи бармоқ асос фалангаси, бош пешона ўнг томонига тан жароҳати етказган.

Охир-оқибат, турмуши дўзахга айланиб бораётган Фароғат яшаш уйи тандирхонасида сиртмоқ ясаб, ўзини ўзи осган ва ҳодиса жойида вафот этган.

Тергов жараёнида судланувчи Р.Фармонов хотинини урмагани ва калтакламагани ҳақида ёлғон кўрсатма берган. Бироқ суд-экспертиза хулосасидаги қайдлар Равшаннинг ёлғон кўрсатмаларини рад этган. Экспертиза хулосасига кўра, марҳуманинг бўйин соҳасида тириклик вақтида ҳосил бўлган эгат кўринишидаги сиртмоқ изи борлиги, кўз конюктивасида (кўз оқ соҳаси) нуқтасимон қон қуйилишлар, талоқ кам қонлиги ҳамда ички аъзолар, яъни жигар, буйрак, юрак, ўпкаларда тўқ қизил суюқ қон билан тўлганлиги, бош мия шишининг тасдиқлаб турганлиги, ўнг қўл биринчи бармоқ асос фалангаси орқасидаги қонталаш ва шилинмаси қаттиқ ўтмас жисм таъсирида юзага келгани аниқланган. Ушбу жароҳатлар марҳуманинг ўлимидан олдин 5 соатдан кўп бўлмаган вақтга тўғри келиши, жароҳатлар марҳуманинг ўлими билан боғлиқ эмаслигини, ўнг ёноқ соҳаси ва чап тизза бўғими соҳасидаги шилинмаси марҳуманинг ўлимидан олдин ҳосил бўлган бўлиб, қаттиқ ўтмас жисм таъсиридан юзага келганини тасдиқлаган.

Суд-тергови жараёнида Р.Фармоновнинг хатти-ҳаракатлари натижасида турмуш ўртоғи Ф.Наврўзова ўзини ўзи осиб ўлдирганлиги ўз тасдиғини топган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан айбли деб топилиб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1