Бироз аввал хабар берганимиздек, Идоралараро йиғилишда бош прокурор Н.Йўлдошев немис давлат арбобиБисмаркнинг “Ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан давлатни бошқарса бўлади. Аммо амалдор ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ёрдам бермайди”, деган сўзларидан иқтибос келтириб, бу пурмаъно сўзлар бугунга қадар долзарблигини йўқотмаганлигини таъкидлади.
- Таассуфки, республикамизда ўтган 2 йилда 1.986 нафар мансабдор шахслар коррупциявий жиноятларни содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 трлн. сўмдан ошган, - дея таъкидлади бош прокурор.
Йиғилишда Иқтисодий соҳадаги коррупциявий ҳолатлар асосан бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнида содир этилаётанлиги таъкидланди.
Ўтган 2 йилда республика бўйича 371 млрд. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланиб, бу қилмишлар учун 2.477 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
Бюджет маблағларининг рационал тақсимланиши ва мақсадли ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органларида юклатилган вазифалар талаб даражасида бажарилмаётгани танқид остига олинди.
Молия органларининг бюджет сарфини тўлақонли назорат қилишига тизимдаги коррупция ҳолатлари ҳам тўсқинлик қилмоқда.
Ўтган 2 йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Масалан, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н.Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 млн. сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А.дан 2.000 доллар ва 500 минг сўм олганлиги учун суд ҳукми билан жазога тортилган.
Ёки, Ғазначиликнинг андижон вилояти бошқармаси мансабдор шахслари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 млрд. сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.
Вазирлик тизимидаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган маблағларни талон-торож қилгани ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Масалан, жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. “Халқ банки” кассири Ҳ. билан бирга, 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 млн. сўмни ўзлаштириб юборган.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА






