Бензин, дизель ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газни охирги истеъмолчиларга реализация қилишда ёқилғи бирлиги учун махсус йиғим жорий қилиниши режалаштирилмоқда. Мазкур йиғим турини тартиблаштирувчи низомни тасдиқлашга оид ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, махсус йиғим 25 сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда минтақавий йўлларни ривожлантиришга махсус йиғимни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартибини жорий қилиниши мумкин. Белгиланишича, махсус йиғим миқдорларини маҳаллий ҳокимликлар белгилайди. Бунда ҳокимликлар: махсус йиғим миқдорлари бўйича таклифларни кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида; муайян маъмурий-ҳудудий бирлик аҳолиси даромадлари даражасини ҳисобга олиб; Ўзбекистон Молия вазирлиги билан келишган ҳолда; келгуси йиллар учун Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини тузиш ва кўриб чиқиш билан боғлиқ муддатларда; Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан маъқуллангандан сўнг Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли қарорларига асосан белгилайди. Сўнг ҳокимликлар махсус йиғим миқдорини Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига ва ҳудудий молия бошқармаларига ҳамда автомобилларга ёнилғи ва газ қуйиш станцияларига ижро учун юборадилар. Автомобильга ёнилғи ва газ қуйиш станциялари Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан етказилган махсус йиғим миқдорларини автомобиль бензини, дизель ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газни чакана нархи устига қўшиб реализация қилади. Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғим тури 2019 йил 1 январга қадар ҳам амалда бўлган. Ўшанда бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ўрнига охирги истеъмолчига бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилаётганда ундириладиган акциз солиғи жорий этилган эди. | |
07.11.2020 19:02
Ўзбекистонда автомобиль ёқилғиси ишлатганлик учун йиғим жорий этилади
