АсосийJamiyat

"Қўлингиз дард кўрмасин..." Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимларига байрам табриги йўллади

'"Қўлингиз дард кўрмасин..." Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимларига байрам табриги йўллади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь – Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан байрам табригини йўллади. Табрикда давлат раҳбари 2020 йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун мислсиз синов, айни вақтда изчил ривожланиш, янги тажриба орттириш йили бўлганини қайд этди.

"Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган сиз, азизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан мамнунман. 

Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам саломатлик посбонлари бўлиб майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир. 

Ушбу хавфли касалликка чалинган минг-минглаб юртдошларимизнинг шифо топиб, оиласи бағрига қайтаётганида, ҳеч шубҳасиз, сизларнинг беқиёс хизматларингиз бор. 

Фурсатдан фойдаланиб, бу машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча тиббиёт ходимларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман", деди давлат раҳбари.

Нутқда таъкидланишича, кейинги тўрт йилда соҳага доир 200 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм ёки 2019 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп маблағ ажратилди, шунингдек, Инвестиция дастурига мувофиқ ушбу тизимга 1,15 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 4 минг ўринли кўп тармоқли махсус шифохона ишга туширилди. 

Соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ойлик маошларини кўпайтириш, пандемия шароитида ишлаётган шифокорларга қўшимча ҳақ тўлаш бўйича янги тизим жорий этилди. 

Бу йил олис қишлоқ ва овулларда 798 та оилавий поликлиника ташкил этилиб, уларда ижтимоий дорихона, кечаю кундуз ишлайдиган тез тиббий ёрдам шохобчаси, аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари фаолияти йўлга қўйилгани ҳам муҳим ишларимиз қаторига киради. Шунингдек, акушер-гинеколог, хирург, стоматолог, терапевт, педиатр каби 5 та йўналишдаги тор соҳа мутахассислари фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобидан қишлоқ аҳлига малакали амбулатория ёрдами кўрсатадиган тизим иш бошлади. 

Мамлакатимизда биринчи марта Гемодиализ хизматлари бўйича концепция ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда уни амалга оширишга киришилди. 

"Бутун халқимиз қатори бугунги оғир синовлардан мардона ўтаётган, замонамизнинг чинакам қаҳрамонлари бўлган сиз, тиббиёт ходимлари ана шундай масъулиятли вазифаларни адо этишда фаол иштирок этиб, барчага ўрнак ва намуна бўласизлар, деб ишонаман. 

Сизларнинг машаққатли ва олижаноб меҳнатингизни муносиб қадрлаш, тизим учун малакали кадрлар тайёрлаш, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасининг рақобатбардошлигини ошириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва хорижий тиббиёт марказлари билан амалий ҳамкорликни кучайтириш, телемедицинани ривожлантириш  масалалари бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Қўлингиз дард кўрмасин, ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз шифокорлар!" дейди Президент.

    Бошқа янгиликлар