АсосийJamiyat

Наманганда тиббиёт институти филиали ташкил этилади

'Наманганда тиббиёт институти филиали ташкил этилади'ning rasmi

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига мувофиқ, келгусида Наманган шаҳрида тиббиёт институти филиалини очиш ва уни алоҳида олий таълим муассасасига айлантириш режалаштирилмоқда.

ЎзА ёзишича, бугунги кунда Наманган вилоятида мавжуд 220 давлат тиббиёт муассасасида 40 минг нафардан ошиқ шифокор, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Врачлар қаторида 4 фан доктори ва 24 фан номзоди бор. 

Кейинги йилларда юртимизда хусусий секторга берилаётган эътибор натижасида Наманганда нодавлат тиббиёт муассасалари ҳам кўпайди ва улар сони салкам 400 тага етиб, сўнгги уч йилга нисбатан икки баробарга ортди. “Анамед” диагностика маркази, “Ойдин шифо” ва “Доктор-Д” каби шифохоналар шулар жумласидан.  

Хусусий секторга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни жалб этиш бўйича 3 йирик лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Жумладан, Буюк Британиянинг “Metaco” компанияси томонидан киритиладиган миллион доллар маблағ ҳисобига Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасида йилига 6240 сеанс ўтказишга мўлжалланган гемодиализ маркази ташкил этилади. 

“Мерримед фарм” масъулияти чекланган жамияти ва германиялик инвесторлар билан имзоланган келишувга кўра, 30 миллион доллар маблағ эвазига Наманган шаҳрининг Оромгоҳ даҳасида замонавий кўп тармоқли шифохона қурилмоқда. 

Вилоят ҳокимлиги ва Италиянинг “Opera SRL” компанияси ўртасида имзоланган шартномага асосан қиймати 15 миллион долларга тенг бўлган лойиҳа, яъни Тўрақўрғонда 400 ўринли эндокринология марказини барпо этиш кўзда тутилган.    

    Бошқа янгиликлар