14-ноябрь ”Халқаро қандли диабетга қарши кураш куни” сифатида белгиланган. Шу муносабат билан ҳар йили республикамизда ноябрь ойида "Саломатлик ойлиги" ва унинг доирасида хасталикнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилади.
Бугун Тошкент шаҳридаги 51-Оилавий поликлиникада ҳам ана шу мавзуга бағишланган тадбир ташкил этилди. Унда яқин атрофдаги ушбу поликлиника хизмат кўрсатадиган маҳаллалардан келган 40 ёшдан катта бўлган фуқаролар қатнашди.
Шу куни аҳоли ўртасида "Соғлом турмуш тарзини шакллантириш" мақсадида "Дибетиклар мактаби" аъзолари томонидан "мастер-класс" ўтказилди.
Маълумки, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ёрдамида барча касалликлар каби диабет хасталигининг ҳам олдини олиш мумкин.
"Соғлом турмуш тарзи" тушунчаси кенг маънога эга бўлиб, у аввало жисмоний фаолликни талаб этади. Шу билан бирга, зарарли одатлардан узоқ бўлиш, яъни гиёҳвандлик моддалари, тамаки, спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслик, салбий кўникмаларга қарши курашиш ва рационал овқатланиш каби тадбирларни ўз ичига олади.
Ҳусусан, бўлиб ўтган "мастер-класс" ўқув-тарғибот тадбирида поликлиника бош шифокори Гўзал Қодирова соғлом турмуш асосларидан жисмоний фаоллик ва тўғри овқатланиш масалаларига кенг тўхталиб ўтди.
–Ҳар қандай касаллик иммунитет танқислиги оқибатида юзага келади, агар тана керакли витамин ва минерал моддалар билан вақтида таъминланса, организмдаги барча тирик ҳужайраларнинг тўйимлилик миқдори меъёрида бўлади. Бу дегани касалликларнинг олди олинади.
Гоҳида инсонларда турмуш ташвишлари деб, ўз вақтида овқатланиш тартиби бузилади ёки тўлақонли таомланмаслик оқибатида танада фойдали моддалар камайиб кетади. Бунинг олдини олиш учун рационга эътиборли бўлиш керак, – дейди Гўзал Қодирова.
Тадбир давомида иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди ҳамда диабетнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ёзилган буклетлар улашилди. Иммунитетни кўтаришга фойдали табиий воситалар, шиповник, рух ва бошқа дармондорилар тарқатилди.
Маълумот учун: Тошкент шаҳридаги 51-Оилавий поликлиника Шаҳристон, Анорзор, Ғайратий, Уста Ширин, Ифтихор, Янги Ариқ ва Жомий маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатади.
Шунингдек, поликлиникада умумий аҳоли сони 34559 нафар, 65 ёшдан катта аҳоли сони эса 3456 нафарни ташкил этади. Айни дамда "Саломатлик" ойлигида 65 ёшдан катта аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Аниқланган касаликлар бўйича тавсиялар бериб, беморлар соғломлаштирилмоқда.







