Сирдарё вилоятида Президентимизнинг соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича қабул қилган фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида сектор раҳбарлари, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят корхона ва ташкилот раҳбарларининг жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича мусобоқалар ўтказилади.
Вилоят ҳокими бу борада тегишли фармойиш қабул қилган. Унга кўра, раҳбарлари ўртасида “Спорт тарғиботчиси” ва “Шахсий намуна” тамойили асосида спорт мусобақалари ташкил этилади.
Дастлаб раҳбарларнинг жисмоний кўриги юзасидан қуйи босқич синовлари ўтказилади. Уларни тажрибали муроббийлар назорат қилади. Спортнинг енгил атлетика тури бўйича турникка тортилиш, 100, 200 метр ва 1 километр масофага югуриш, чалқанча ётган ҳолда гавдани кўтариш (пресс), полга таянган ҳолда қўлларни букиб ёзиш, 2,5 километр масофани велосипедда босиб ўтиш беллашувларида иштирок этади.
Шунингдек, раҳбарлардан иборат 10 кишилик жамоалар мини-футбол мусобақасида беллашади.
Вилоят ҳокимининг фармойишига кўра ушбу, раҳбар кадрларнинг ўзига хос беллашувлари Гулистон шаҳридаги спорт иншоотларида жорий йилнинг 5-6 декабрь кунлари ўтказилиши белгиланган.






