1

Сирдарёда кўп киши бир кишини дўппослагани ҳақидаги видеога Тергов департаменти изоҳ берди (видео)

ЖИНОЯТ 11.11.2020, 15:09
Сирдарёда кўп киши бир кишини дўппослагани ҳақидаги видеога Тергов департаменти изоҳ берди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Сирдарёнинг Янгиер шаҳрида фуқаро калтаклангани билан боғлиқ видео тарқалди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида бир неча фуқаро қўлларидаги жисм билан фуқарони калтаклаган ҳолати акс этган видео бўйича расмий маълумот берди.

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни соат 13:00да 25 ёшли С.Т., 26 ёшли Ш.М. ва 19 ёшли Б.Р. бир ой муқаддам қўшни туман ҳудудига боришган вақтида маҳаллий аҳоли вакиллари билан ўзаро гап тортишиб қолганликлари сабабли ўч олиш мақсадида,  Янгиер шаҳар “Шодлик” МФЙ ҳудудида жойлашган кафега йўл олишган.

Қайд этилишича, улар кафе официанти, 23 ёшли Ж.Х. билан ўрталарида ўзаро олдиндан бўлиб ўтган келишмовчилик негизида уни қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, ёғоч жисмдан фойдаланиб, безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатган ҳолда шафқатсизларча Ж.Х.нинг танаси турли жойларига уриб, тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Натижада, фуқаро Ж.Х. ўнг қўл кичик бармоғи ёпиқ синиши, юқори чап томон иккита тишларининг синиб тушиши, танасининг кўплаб шилинган жароҳатлари билан Сирдарё вилояти ШТТЁМга мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Янгиер шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан (безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса) жиноят иши қўзғатилган. 

Фуқаролар С.Т., Ш.М. ва Б.Р. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланганлар.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади маълумотда. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1