АсосийJamiyat

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб фарзандингизга "метирка" олиш учун идорама-идора сарсон бўлмайсиз

'2021 йил 1 сентябрдан бошлаб фарзандингизга "метирка" олиш учун идорама-идора сарсон бўлмайсиз'ning rasmi

Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги   хабар берди.

Унга кўра, ушбу турдаги хизматлар 2021 йил 1 февралдан барча вилоятлар марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса -бутун республика ҳудудида кўрсатилади.

  Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатиш деганда 

✅туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома олиш,

✅туғилганликни қайд этиш,

✅поликлиникага ҳисобга қўйиш,  

✅бир марталик нафақа пулини олиш, болани рўйхатга қўйиш ҳамда болани давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш бўйича комплекс давлат хизматлари бир жойда кўрсатилади. 

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, бола туғилган жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола туғилганидан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни “Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш” ахборот алмашинуви тизимига киритади.

Маълумотлар автоматик равишда "ФҲДЁ ягона электрон архиви" ахборот тизимига юборилади.  

ФҲДЁ бўлими маълумотларни қабул қилиб олганидан сўнг 3 иш соати ичида кўриб чиқади ва болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиради.  

Маълумотлар комплекс тартибда бошқа хизматларни кўрсатиш учун автоматик равишда Ички ишлар, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ахборот тизимларига юборилади.  

 Шунга кўра:

● Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими – болани 1 кун ичида тегишли манзил бўйича доимий рўйхатга қўяди;

● Мактабгача таълим вазирлиги – мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимида сўровда кўрсатилган боғчага болани автоматик равишда навбатга қўяди;

● Соғлиқни сақлаш вазирлиги – 1 иш куни ичида она рўйхатда турган поликлиникага (рўйхатда турмаган тақдирда доимий ёки вақтинча рўйхатда турган яшаш манзилидаги поликлиникага) болани рўйхатга қўяди;

● Пенсия жамғармаси бўлими – фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини автоматик равишда расмийлаштиради.    

 Боланинг отаси ёки онаси бола туғилгандан бошлаб 6 ой муддат ичида бир марталик нафақа пулини олиш учун Халқ банкининг исталган филиалига мурожаат қилиши мумкин (6 ойдан кейин мурожаат қилинса, бир марталик нафақани тўлаш рад этилади).

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.

    Бошқа янгиликлар