Воқеа жорий йилнинг 10 ноябрь куни соат 04:08 да содир бўлди. 31 ёшли Н.С. исмли аёл Шифокор маҳалласи ҳудудидаги “Шифобахш Чимён” номли дорихона томон ҳаракатланиб кетаётган эди.
Шу вақт, ёнидан номаълум шахс велосипед бошқариб, чамаси 30 метр масофа ўтиб қолди. Сўнг, велосипедини ташлаб, унинг қаршисига келди ва зўрлик ишлатиб, қўлида бўлган нархи 200.000 сўмлик “Lenovo” русумли уяли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, велосипедига миниб ҳодиса жойидан яширинди.
Мазкур ҳолат юзасидан талончи шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб ёхуд қўрқитиб содир қилинган иши учун жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу жиноятни иссиқ изидан очиш мақсадида бир қатор тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилди. Натижада жиноятни муқаддам бир неча маротаба босқинчилик ва ўғирлик жиноятлари содир этган Кончилар маҳалласида истиқомат қилувчи 31 ёшли Ш.М. содир этгани аниқланди.
Терговга қадар текширув вақтида Ш.М.нинг турмуш ўртоғи юқоридаги талончилик йўли билан эгаллаб олинган уяли телефон аппаратини эри иш хонасига яшириб қўйганлигини айтади ва фуқаролик бурчини англаган ҳолда ички ишлар идораси ходимларига телефоннинг қаердалигини маълум қилган. Натижада телефон Ш.М.,нинг хизмат хонасидаги супургилар орасидан топилган.
Тергов ҳаракатлари жараёнида Ш.М.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси юқоридаги кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги ҳақида эслатиб ўтади.








