11 ноябрь куни соат 20:50 да Тошкент минтақаси темир йўл ТХТБга келиб тушган хабарга кўра, “Тошкент-Хожикент” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган шаҳарлараро электропоезд “Чирчиқ-Аранча” темир йўл бекатлари оралиғи 37-км.,да ҳаракатланиб кетаётган вақтида номаълум эркак кишини туртиб юборган. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар бермоқда.
Воқеа жойига чиқилганда, ушбу номаълум шахс Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1976 й.т. У.Т. эканлиги ва темир йўл излари орасида маст ҳолатда ухлаб ётганлиги сабабли электропоезд тўхташга мажбур бўлганлиги аниқланган.
Ушбу фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Чирчиқ шаҳар Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига юборилган. Поезд соат 20:35да тўхтаб, соат 20:57да йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.






