АсосийJamiyat

93-Оскар мукофотига Ўзбекистондан 3та фильмдан бири илгари сурилади

'93-Оскар мукофотига Ўзбекистондан  3та фильмдан бири илгари сурилади'ning rasmi

Сайёрамизнинг энг нуфузли киномукофоти ҳисобланган 93-Оскар тақдирлаш маросимининг “Энг яхши халқаро бадиий фильм” номинациясига Ўзбекистон номидан "Ўзбеккино" Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган фильмлар - Жаҳонгир Қосимовнинг “Ибрат”, Аюб Шахобиддиновнинг “Рангсиз тушлар” ва Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг икки минг қўшиғи” фильмларидан бири илгари сурилиши кутилмоқда.  

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Оскар қўмитаси 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос Анжелес шахрининг машҳур “Dolby” театрида бўлиб ўтадиган энг нуфузли маросим танловида иштирок этиши учун муносиб номзод бўйича сўнгги қарорини шу йилнинг 20 ноябрь куни эълон қилади. Ўзбекистон Оскар қўмитаси янги таркибдаги аъзоларини тасдиқлади. Қўмита раиси этиб “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов тайинланди.  

Қўмита аъзолари таркибидан Зулфуқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббасов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Ахмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Баҳтиёр Ёқубов, Фарруҳ Тўлаганов, Элдор Юлдашев, Игорь Пинхасов ҳамда продюсер ва Қўмита координатори Ойбек Абдушукуров ўрин олган.  

Оскар регламентига мувофиқ мукофотга номзод фильмларга тақдимот бўлгунга қадар телевидение ва интернет тармоғида намойиш этилмаган бўлиши талаб қилинади.  

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил баҳорида "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилиниб, АҚШ киноакадемияси томонидан рўйхатдан ўтказилган. Илк бор Умид Хамдамовнинг “Иссиқ нон” фильми Ўзбекистон номидан нуфузли мукофотга илгари сурилган эди.

 

 

    Бошқа янгиликлар