2020 йил 18 октябрь куни Ғиждувон тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси навбатчилик қисмига туманнинг "Амиробод" маҳалласи "Юқори Арабхона" қишлоғида яшовчи, 1988 йилда туғилган С.Т. қўнғироқ қилиб, шу куни соат 12:30 дан 15:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс фермер хўжалигига қарашли дала шийпони омборхонасидан жами 5.000.000 сўм нақд пулларини ўғирлаб кетганлигини билдирган.
Ушбу ҳолат юзасидан воқеа жойига чиққан ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилганда, ҳақиқатдан ҳам ўғирлик ҳолати содир этилганлиги қайд этилиб, ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ва тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг қилни қирқ ёрувчи оператив ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни, Ғиждувон тумани "Амиробод" маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган С.Б. содир қилганлиги аниқланган.
Ҳозирда, жиноят ишида гумон қилинувчи 30 ёшли С.Б.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда, Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.






