АсосийJamiyat

"Шаҳрисабзда фуқаро "кўча болалари" томонидан ваҳшийларча калтакланди" дейилган хабарга изоҳ берилди

'"Шаҳрисабзда фуқаро "кўча болалари" томонидан ваҳшийларча калтакланди" дейилган хабарга изоҳ берилди'ning rasmi

Маҳаллий ОАВларда шаҳрисабзлик 33 ёшли фуқаро ота-онасининг кўз ўнгида "кўча болалари" - бир гуруҳ нотаниш кишилар томонидан ваҳшийларча калтаклангани ҳақида хабарлар чоп этилди. Қашқадарё вилояти Ахборот хизмати ушбу хабарга изоҳ берди. 

Аниқланишича, шу йил 3 ноябрь куни Ю.Ёрбобоев бошқарувида бўлган “Нексия-2” русумли автомашинасини Шаҳрисабз шаҳри бўйлаб бошқариб бораётганида О.Узоқов бошқарувида бўлган “Спарк”ни орқа томонидан уриб юборган.

Ҳайдовчилар ўзаро гаплашаётганида, шу ердан ўтаётган Ж.Бўриев уларнинг олдига келиб: “ўзаро келишинглар, ҳозир ЙХҲБ ходимлари келиб, иккаларингни ҳам олиб кетади” деб айтган.

Ю.Ёрбобоев унга: “менга фарқи йўқ, сен кимсан, ЙҲХБ ходимларининг қўлидан ҳеч нима келмайди, сен бу ердан кет”, деган ҳамда ҳақорат қилган. Шу сабабли Ж.Бўриев қўлидаги шиша билан Ю.Ёрбобоевнинг бошига бир марта уриб, тан жароҳати етказган. 

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, интернет-нашрларида берилган хабарда ЙТҲ содир этилгандан сўнг икки ҳайдовчи ўзаро гаплашаётганда, уларнинг гапига 5-6 нафар бегона йигитлар келиб, аралашгани, етказилган зарарни ҳозироқ тўлаб беришини талаб қилишгани ва 0,25 литрли шиша идиши билан Ёрбобоевнинг бошига бир неча марта қаттиқ ургани ва ваҳшийларча тепкилашгани айтилганди.

Ю.Ёрбобоевга Китоб тумани Тиббиёт бирлашмаси Шошилинч тиббий ёрдам бўлими томонидан "ёпиқ калла мия шикасти, бош мия чайқалиши, бошни тепа соҳасида юмшоқ тўқималарни лат ейиши" ташхислари қўйилган.

Мазкур ҳолат Шаҳрисабз шаҳар ИИБда қайд этилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилди. 11 ноябрь куни Ю.Ёрбобоев шифохонадан чиққанлиги сабабли судга оид тиббий экспертиза кўригидан ўтказилди. 

Судга оид тиббий экспертиза хулосаси олингач, унга кўра жиноят иши қўзғатиш ёки қўзғатмаслик масаласи кўриб чиқилади.

    Бошқа янгиликлар