Жорий йилнинг 20 ноябридан 20 декабригача ўзбек миллий кийиниш маданияти тарғиботига қаратилган “Нафосат” фестивали ўтказилади. Бу ҳақида 12 ноябрь куни Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиянинг матбот анжуманида маълум қилинди.
"Фестиваль аввало, миллий қадриятларимизни ва аёллар либосларидаги замонавий мода йўналишларини бирлаштириб, виждон ва эътиқод эркинлигини ҳисобга олган ҳолда ўзбек миллий модасини шакллантириш мақсадида ташкил этилмоқда" дейилди ташкилотчилар томонидан.
Аммо ушбу хабар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди, жумладан, кийиниш бу - ҳар кимнинг ўз ихтиёри, деган фикрлар билдирилди.
Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ушбу муҳокамалар юзасидан изоҳ берди:
"Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси фаолиятининг мақсади ҳар бир аёлнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ўз имкониятларини амалга ошириш учун тенг имкониятлар яратишдир.
Шу мақсадда Комиссия хотин-қизларнинг манфаатлари йўлида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, жамиятнинг барча соҳаларида хотин-қизларнинг ролини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Матбуот анжуманида биз жамоатчилик вакиллари билан ушбу муаммоли масалалар ва уларни ҳал этиш йўлларини батафсил муҳокама қилдик.
Бироқ “Нафосат” фестивалини ўтказиш ғояси ижтимоий тармоқларда нотўғри қабул қилинди ва нотўғри талқин этилди.
Шу муносабат билан, Комиссия хотин-қизлардан бундай тадбирни ташкил этиш бўйича келиб тушаётган таклифларни қўллаб-қувватлаганини ватандошларимизга маълум қилмоқчимиз".
Қайд этилишича, фестивални ўтказишдан кўзланган мақсад - хотин-қизларнинг замонавий қиёфасини яратиш бўйича дизайнерларимиз ва стилистларимизнинг саъй-ҳаракатларини амалга оширишга ёрдам бериш, шунингдек, хотин-қизлар эътиборига кийим-кечак намуналарини тақдим этишдир. Қандай кийим кийишни, шубҳасиз, ҳар ким ўзи ҳал қилади.
"Комиссия инсон қадр-қимматини камситишга қарши. Фестивалнинг ўтказилиши хотин-қизларни бирор-бир ҳаракатга мажбурлаш ёки уларга бирор-бир ғояни сингдиришга қаратилган эмас", дейилади Комиссия изоҳида.