Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги “Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан янги туманга асос солинди.
Бугун Халқ депутатлари Давлатобод тумани кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди. Шу пайтга қадар вилоят ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари котибияти мудири бўлиб ишлаб келган Анваржон Тожимирзаев Давлатобод тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълумот учун: қайта ташкил этилган Давлатобод тумани ҳудуди 4686 гектарга тенг бўлиб, Наманган шаҳри ҳудудининг 26 фоизини ташкил этади. Туманнинг 25 та маҳалласида 150 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Туман ҳудудида “Юксалиш” ва “Орзу” кичик саноат зоналари, “Навбаҳор” стадиони, “Афсоналар водийси” боғи, 5 та замонавий меҳмонхона жойлашган. Namangan city ҳам шу ерда барпо этилади.