Давлат тилини билиш даражаси бўйича сертификатни жорий этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига муҳокама учун қўйилди.
Лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ишлаб чиқилган. Унда қуйидагилар назарда тутилган:
- 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тизимини жорий этиш;
- 2023 йил 1 январдан бошлаб раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражаси бўйича сертификатга эга бўлишини мажбурий этиб белгилаш;
- Раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар давлат тилини билиш даражаси бўйича тест синовларида иштирок этиш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида малака оширишлари талаб этилади.
Раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга сертификат бериш Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси шу йилнинг 28 ноябригача давом этади.






