АсосийJamiyat

Сирдарё вилоятида тиббий суғурта механизмлари тажрибадан ўтказилади

'Сирдарё вилоятида тиббий суғурта механизмлари тажрибадан ўтказилади'ning rasmi

Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади. Бу Президентнинг тегишли қарорида белгиланди. 

Ушбу тажриба-синов лойиҳаси доирасида:

  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида оилавий шифокор, унинг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат терапия ва педиатрия йўналишлари бўйича ёрдамчилари, патронаж ҳамширалари ва доядан ташкил топган гуруҳлар тузилади;
  • ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети (кейинги ўринларда – кафолатланган пакет) ишлаб чиқилади;
  • кафолатланган пакет бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва шифохоналарда Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади. Кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилади;
  • соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларини мониторинг қилиш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, дори воситалари учун рецепт ёзиш ва кафолатланган пакетга мувофиқ тиббиёт муассасаларига йўналтириш ягона электрон платформа орқали амалга оширилади;
  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимларининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) ишлаб чиқилиб, унга эришилганлиги мониторинг қилинади ҳамда натижаларига қараб қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланади;
  • кафолатланган пакет асосида аҳолининг барча қатламларига сифатли ва тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатилишини молиялаштиришга қаратилган давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади.

 

2020 йил 1 декабрдан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилади.

Гулистон тиббиёт коллежи негизида тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил этиш учун хусусий сектор жалб қилинади.

    Бошқа янгиликлар