АсосийJamiyat

Самарқанддаги “Конигил” фуқаролар йиғинига “туризм қишлоғи” мақоми берилди

'Самарқанддаги “Конигил” фуқаролар йиғинига “туризм қишлоғи” мақоми берилди'ning rasmi

Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида жойлашган “Конигил” фуқаролар йиғинига “туризм қишлоғи” мақомини тасдиқловчи сертификат топширилди. Сертификатни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов фуқаролар йиғини раисига тақдим этди.

Қишлоқ аҳолиси ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва меҳмондўстлиги билан машҳурдир. Мажмуа ҳудудида меҳмонларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Оилавий меҳмон уйлари, дам олиш зоналари, пиёда йўлаклари, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқалар шулар жумласидан. Бу ерда сайёҳлар дам олиши, гўзал табиатдан баҳра олиши, Сиёб анҳори бўйлаб сайр қилиши ва миллий таомлардан татиб кўриши мумкин. Дунёга машҳур Самарқанд қоғозини ишлаб чиқаришдан ташқари, машҳур “Конигилмерос” ҳунармандчилик марказида кулоллар, дурадгорлар, қадимги анъаналар асосида ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ишлари йўлга қўйилган.

Шуниси эътиборлики, “Конигил”га ташриф буюрган ҳар бир меҳмонда шу жойнинг ўзида ишлаб чиқарилган ёғда тайёрланган ошни татиб кўриш имконияти бор. Қишлоқ ҳудудида меҳмонлар учун Самарқанд нонларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиладиган нонвойхона фаолият юритади. Бундан ташқари, бу ерда маҳаллий анъаналарни акс эттирадиган анимация марказлари фаолият юритади. Юқоридан туриб гўзал табиат манзарасидан баҳра олишни хуш кўрувчилар учун махсус павильон мавжуд.  

    Бошқа янгиликлар