Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти маъумотига кўра, жиззахлик фуқаро интернет орқали АҚШлик фирибгарлар тузоғига тушган.
Албатта, фирибгар учун усул ёки воситанинг фарқи йўқ. Бир иложини топиб, кимнидир қақшатиб, пул топса бўлди. Одатда улар осон йўл билан топиладиган катта бойликни ваъда қилишади.
Жиззах шаҳрининг Сайилжойи маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Б.А. ҳам ана шундай “фойдали” таклиф сабаб жабрланувчига айланди.
Маълум бўлишича, Б.А. ижтимоий тармоқ орқали ўзини АҚШ фуқароси Рики, дея таништирган шахс билан бир муддат мулоқот қилган. Қисқаси, Рики гап орасида “дўсти”га 45 минг АҚШ доллари миқдорида ёрдам бериши мумкинлигини билдиради. Фақат бу пул етказиб берилиши учун Рики айтган ҳисоб-рақамга Б.А. 1256 АҚШ доллари кўчириши керак эди. Хуллас, шу йилнинг 28 сентябрида Б.А. айтилган пулни ўтказиб беради.
Аммо доллар ўтказилиши ҳамоноқ Рики билан алоқа узилади...
Табиийки, чет эллик фирибгарлар тузоғига тушган йигитча воқеа юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилган. Ҳозирда бўлиб ўтган ҳолат бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






