АсосийJamiyat

40дан ортиқ имловий хато билан расмий хат чиқарган Янгибозор тумани ХТБ мудири огоҳлантирилди, уни тайёрлаган методистга хайфсан берилди

'40дан ортиқ имловий хато билан расмий хат чиқарган Янгибозор тумани ХТБ мудири огоҳлантирилди, уни тайёрлаган методистга хайфсан берилди'ning rasmi

Ижтимоий тамроқлар ва ОАВда Янгибозор тумани халқ таълими бўлими хатида 40 дан ортиқ хато топилганлиги ҳақида хабар ва мазкур хат сурати кенг муҳокама этилмоқда. 

 Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ҳолат ўрганилгани маълум қилинди. 

Тезкор суриштирув натижасида 2020 йил 10 ноябрь куни Янгибозор тумани халқ таълими бўлимига тегишли 01/7-13-11-869-сонли хат туман халқ таълими бўлими амалий фанлар методисти Ў.Шомуратов томонидан имло хатоларга йўл қўйган ҳолда тайёрланиб, туман халқ таълими бўлими мудири Ф.Аманбаев томонидан эътиборсизлик билан имзоланганлиги ва ижрога йўналтирилганлиги аниқланди.  

Туман халқ таълими бўлими мудири Ф.Аманбаев лавозим вазифасига совуққонлик билан қараганлиги учун огоҳлантирилди ва юқоридаги ҳолатга қайта йўл қўймаслик лозимлиги бўйича тушунтирилди.

Туман халқ таълими бўлими нафақадаги амалий фанлар  методисти Ў.Шомуратов идора ҳужжатини тайёрлашда ўзбек адабий тилининг амалдаги қоидалари ва нормаларига амал қилмаганлиги учун туман халқ таълими бўлими томонидан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилди.

Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан барча туман, шаҳар халқ таълими бўлими ходимларига юқоридаги каби ҳолатлар қайта содир бўлмаслиги учун ўз лавозим мажбуриятларига масъулият билан ёндашишлари, ҳужжат юритишда Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 24 августдаги 339-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари"га қатъий амал қилишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, хатда келтирилган "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамиятига аъзолик бадалининг йиғилиши бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз, дейилади хабарда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 1 августдаги “Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги 210-сон қарорига ҳамда Уставига асосан жамиятнинг асосий маблағлари аъзоларининг аъзолик бадалларидан тушган маблағлардан шакллантирилиши, ихтиёрий равишда ўқувчи-ёшлар учун аъзолик бадали йилига бир маротаба энг кам ойлик иш ҳақининг икки фоизи, педагог ва бошқа ходимлар учун аъзолик бадали йилига бир маротаба энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт фоизи миқдорида йиғилиши белгилаб қўйилган.

Аъзолик бадали йиғилиши ихтиёрий равишда амалга оширилади ва аъзолик бадалларидан тушган маблағларнинг 25 фоизи бошланғич ташкилот, 25 фоизи туман (шаҳар) бўлинмалари, 25 фоизи минтақавий бўлимлар ва 25 фоизи жамиятнинг Марказий кенгаши харажатларини қоплаш учун йўналтирилади.

 

Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси  ахборот хизмати

    Бошқа янгиликлар