«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» мультимедиа лойиҳаси кўп йиллик илмий изланишларини бутун дунё бўйлаб Ўзбекистон маданияти ва илм-фанини ўрганишга бағишлаган олимлар видеомаърузаларини ўзининг YouTubeдаги каналида эълон қилади.
Профессор, санъатшунослик фанлари доктори, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг илмий мутасаддиси Эльмира Гюль видеомаърузалар яратилиши ва аҳамияти тўғрисида сўзлаб берди.
– Барчага маълумки, «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси ўз фаолиятининг илк кунлариданоқ хориж кутубхоналарида, музейларида ва шахсий коллекцияларда сақланаётган мамлакатимиз маданияти ва санъати ёдгорликлари тўғрисидаги маълумотларни тўплашга йўналтирилган эди. Бироқ маълумот тўплашнинг ўзи етарли эмас, албатта.
Мероснинг ушбу қисми аҳамиятини англаш, уни Ўзбекистон санъати тарихига қўшиш долзарб аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан лойиҳа минтақамиз маданиятини ўрганувчи дунёнинг етакчи олимлари, мутахассислари ва мутасаддиларини маълум коллекциялар ва ёдгорликлар билан боғлиқ мақолалар тайёрлашга жалб қилди. Тез орада ушбу ишда иштирок этган барча олимларни битта тузилмага бирлаштириш ғояси вужудга келди – Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти шу тарзда дунёга келди. Ҳар йили ушбу жамият ҳомийлигида халқаро конгресслар ўтказилади. Бундай конгресслар шу кунгача Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз ва Санкт-Петербургда бўлиб ўтди. Натижада лойиҳа илмий тадқиқотлар ва мунозаралар майдонига айланди.
«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳаси мультимедиа шаклида бўлганлиги сабабли, олимларнинг нутқлари видеога ёзиб олинади. Натижада, лойиҳанинг YouTubeдаги каналида Видеомаърузалар рукни остида жойлаштирилган видеочиқишларнинг бой архиви шаклланди.
Лойиҳа ўзбек, инглиз ва рус тилларида иш олиб боради. Маърузачиларнинг аксарияти инглиз ва рус тилларида нутқ сўзлаганлиги сабабли, уларнинг чиқишлари ўзбек тилига таржима қилинади. Шундай қилиб, видеомаърузаларни улкан таълим базасининг тўплами, деб ҳисоблаш мумкин, бу тўпламда дунёнинг етакчи мутахассислари археология, санъатшунослик, шарқшунослик ва бошқа илмий йўналишларнинг долзарб муаммолари бўйича маърузалар тақдим этадилар, – дейди Эльмира Гюль.
Сир эмаски, юртимиз таълим муассасалари турли сабабларга кўра ўзбек тилидаги гуманитар фанларга оид илмий адабиётлар танқислигини бошдан кечирмоқда. Шу муносабат билан лойиҳанинг видеомаърузалари биринчи навбатда республика олий таълим муассасалари ва мактабларга кўмак учун йўналтирилган.
«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг китоб-альбомлари каби «Ўзбекистоннинг бутунжаҳон маданий мероси» лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан ўтказилган конгресслар доирасидаги видеотақдимотлар мамлакатимиз илм-фани ва таълимига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда хорижий ва маҳаллий олимлар – археологлар, шарқшунослар, санъатшуносларнинг видеомаърузаларини Ўзбекистон нодавлат телеканалларида намойиш этиш лойиҳа фаолиятининг муҳим босқичларидан бири бўлди. Мамлакатимиз ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари эътиборига 100 дан ортиқ ноёб илмий изланишлар, кашфиётлар ва фактлар тақдим этилди.
«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» лойиҳасининг видеомаърузаларини YouTube каналидаги Видеолекторий плейлистида томоша қилишингиз мумкин.
Ўзбек тилидаги видео маърузаларга ҳавола:
https://www.youtube.com/watch?v=yo4ujiatO8g&list=PLICehKsLzxm3--SktO1bXjW9zMUN0G-qg&index=1
Рус тилидаги видео маърузаларга ҳавола:
https://www.youtube.com/watch?v=96WXNc9ik_8&list=PLICehKsLzxm2atqCwbXc1KAUk60oFgLcL






