АсосийJamiyat

Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида давлат харидлари тизими янада такомиллаштирилмоқда

'Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида  давлат харидлари тизими янада такомиллаштирилмоқда'ning rasmi

Сўнгги пайтларда давлат маблағлари сарфланишига нисбатан фуқароларда жамоатчилик назорати кучайиб бормоқда. Буни ижтимоий тармоқларда давлат органлари, вазирликлар, маҳаллий ҳокимиятлар ёки давлат улушига эса ташкилотлар томонидан асоссиз, қиммат ёки коррупция эҳтимоли юқори бўлган харидлар амалга оширилганлигига оид хабарлар муҳокамаларга сабаб бўлаётганида ҳам кўриш мумкин. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев   бу эътирозлар давлат харидларига оид амалдаги қонунчиликда камчиликлар мавжудлиги, харидлар етарлича очиқ ва шаффоф эмаслиги, коррупцияга кенг имконият қолдиришини англатаётганлигини айтди.

Унинг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг ПФ-5729-сонли фармонига асосан давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, харидлар жараёнини соддалаштириш ва рақамлаштириш, коррупция ҳолатларини бартараф этиш, шунингдек, давлат харидлари тартибини бузганлик учун жаваобгарлик белгилаш ва улар устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги лойиҳаси Молия Вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган.

Депутатнинг шарҳ беришича, янги Қонун лойиҳасида демократик принципларга асосланган бир қатор ижобий таклифлар илгари сурилмоқда. Хусусан, «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Uzbekistan Airways» АЖ каби стратегик аҳамиятга эга бўлган 24та йирик хўжалик жамиятлари ва корхоналар харидлари ҳам энди қонунга мувофиқ белгиланган тартиб асосида амалга оширилиши белгиланмоқда. Маълумот учун, ушбу стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан 2019 йилда 47 599 млрд. сўмлик ёки ЯИМнинг 9,3 фоизига тенг давлат харидлари амалга оширилган. Бу эса ўтган йилги жами давлат харидларининг 48 фоизига тенг.  

-- Амалдаги қонунчиликка мувофиқ корпоратив буюртмачилар сифатида давлат корхоналари, устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда улар 50%дан ортиқ улушга эга бўлган юридик шахслар белгиланган. Лекин амалиётда ушбу ташкилотлар томонидан “набира”  ташкилотлар ёки улушлар йиғиндиси сифатидаги ташкилотлар ташкил этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мисол учун, “Ўзавтосаноат” АЖ 100 % давлат улушига эга юридик шахс ва ўз навбатида жамият “Узавтокомпонентс” МЧЖда 100 % улушга эга.  “Узавтокомпонентс” МЧЖ эса “UzAutoMotors”га эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи “Uzsungwoo” МЧЖ, “Uz-Koram kompani” МЧЖ ва “Автоойна” МЧЖ каби бир қатор корхонларада улушга (50%дан ортиқ) эга. Лекин амалдаги тартибга кўра бу каби давлат улушига эга "набира" корхоналар томонидан амалга оширилаётган харидлар устидан назорат ўрнатиш имкони йўқ, натижада бу корхоналар харидларларида коррупцияни ривожланишига ҳамда асли давлатники бўлган маблағларнинг осонликча талон-тарож қилинишига имконият қолдирмоқда. Шу сабаб, янги қонун лойиҳасида давлат улуши бевосита еки билвосита 50%дан ортиқ булган барча турдаги корхоналар ҳам энди давлат, корпоратив буюртмачи сифатида белгилаш кузда тутилмоқда (давоми кейинги постда).

Амалдаги Қонунга мувофиқ ҳозирда харидларнинг фақатгина 2 та тури (электрон дўкон ва аукцион) электрон шаклда амалга оширилиши белгиланган бўлса, янги Қонун лойиҳасида давлат харидларини амалга оширишнинг барча турлари, шу жумладан, тендер, энг яхши таклифларни танлаш савдолари ўрнатилган тартибда электрон шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу эса харидларда инсон омили иштирокини қисқартиришга  имкон яратади, - дейди халқ вакили.

 

Қонун лойиҳасида Давлат харидларида иштирок этаётган тадбиркорлик субъектларининг асл эгалари кимлигига оид маълумотлар ҳам жамоатчиликдан яширилишига чек қўйиш ҳам назарда тутилган. Айтилишича, яъни бу соҳада шаффофликни таъминлаш ва коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида бенефициар мулкдорлар тўғрисидаги маълумотлар очиқланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, аксарият давлат буюртмачиларининг эътирозларидан келиб чиқиб, харидларни амалга ошириш муддатлари қисқартирилмоқда (масалан, электрон бозор 48 соатдан бир иш кунига, аукционлар камида ўн кунлик талабдан камида беш кунга).

Бундан ташқари, Давлат харидлари тўғрисидаги барча маълумотлардан кенг жамоатчиликнинг эркин фойдаланиш имконияти яратиш мақсадида давлат харидларига оид барча маълумотларни жамлаш, таҳлил қилиш ва мониторинг юритиш имкони берувчи махсус ахборот порталининг яратилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Махсус ахборот порталида давлат харидларини режалаштириш, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш, давлат харидлари мониторингини олиб бориш ва назорат қилиш жараёнлари тизимлаштирилади.

Давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун давлат хариди субектлари ва уларнинг мансабдор шахсларига жавобгарлик белгилаш мақсадида МЖТ Кодекснинг тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Депутат Бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш парламент назорати ролини ошириш мақсадида амалга оширилган барча давлат харидлари устидан Ҳисоб палатаси томонидан аудитдан ўтказилиши ва ҳар йилнинг якуни бўйича аудит натижаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиши ҳамда очиқ ахборот манбаларда эълон қилиб борилишини айтган.

Маълум бўлишича, ҳозирда Қонун лойиҳаси фракциялар томонидан кўриб чиқилмоқда ҳамда Палатанинг навбатдаги ялпи йиғилишида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилиниши кутилмоқда. Масъул депутат сифатида Қонун лойиҳасини ялпи йиғилиш муҳокамаларига тайёрлаш  Дониёр Ғаниевга бириктирилди. Шу боис, қонун лойиҳаси, умуман давлат харидлари соҳаси бўйича асосланган таклиф ва мулоҳазаларингиз бўлса,  депутатга юборишингиз мумкин.Депутат имкон қадар берилган асосланган таклифларни ўрганиб, қонун лойиҳасида акс эттиришга ҳаракат қилишини билдирди. 

 

    Бошқа янгиликлар