Ҳар қандай мамлакат ўз келажагини ёшлар тимсолида аниқроғи, уларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказишда кўради.
Шу ўринда фуқароларнинг фарзанд тарбиясида ўз ҳуқуқ ва эркинликларини билиши ва амалда қўллаши уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва мажбурияти бўлиб, бу жараён миллий қонунчилигимизда аниқ белгилаб қўйилган. Шу жумладан ота-она ўзи дунёга келтирган фарзандларини вояга етгунича тарбиялаш ва таъминлашга масъулдир. Бу бурчдан бўйин товлаганлар, оиласидан воз кечиб, норасида болаларнинг қонуний ҳуқуқларини назар-писанд қилмаганлар суд олдида жавоб беради.
Хусусан Андижон вилояти Улуғнор туман маъмурий судида яна бир отанинг вояга етмаган фарзандини моддий таъминотига масъул эканлиги эслатиб қўйилди ва бу фуқаро ўз зурриёди тақдирига бефарқ эмаслигини исботлади.
Бу ҳолатда М.Х. (шахси ўзгартирилган) фуқаролик ишлари бўйича Бўстон (Бўз) туманлараро судининг 2014 йил 07 январдаги суд буйруғига асосан бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ундирувчи Ж.К. (шахси ўзгартирилган) фойдасига фарзанди вояга етгунига қадар ҳар ойлик топган даромадининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент тўлаши лозим бўлса-да, 2016 йилнинг 1 мартидан 2020 йилнинг 1 ноябрига қадар жами 19.666.867 сўм миқдордаги алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келган.
Улуғнор туман маъмурий судининг раиси Вахобжон Сиддиқов томонидан 2020 йил 13 ноябрь куни олиб борилган очиқ суд мажлисида М.Х.га оид маъмурий иш кўриб чиқилиб, суднинг якуний қарорига кўра,
М.Х. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисмида (Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди.
Бу фуқаро алимент қарздорлигини ундирувчи Ж.К.га тўлаб берганлиги сабабли, ушбу модданинг 2-қисмига (Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади) асосан, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 271-моддаси 10-банди (ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари бартараф этилган тақдирда шахсни жавобгарликдан озод этиш ушбу Кодекснинг тегишли моддаси назарда тутилган бўлса) тартибида жавобгарликдан озод этилди.
Бу ҳақда Улуғнор тумани маъмурий суди раиси Вахобжон Сиддиқов хабар хабар берди.
"Вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлигини, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлигини, болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқишини таъминлаши шарт эканлигини барча тушуниши керак", дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.