Ижтимоий тармоқларда "Troll.uz" номли блоги билан машҳур бўлган блогер Умид Гафуров 18 ноябрь куни Ички ишлар бўлимига чақиртирилган. Қўнғироқ қилган ИИБ ҳодими "UzAutoMotors" АЖ томонидан унинг устидан шикоят аризаси берилганини маълум қилган. Шундан сўнг блогер Ички ишлар бўлимига борган.
ИИБда бўлиб қайтган Умид Гафуров кечга бориб ўз Телеграм ва Инстаграм саҳифаларида қуйидагича изоҳ қолдирди:
"20 октябрь куни Инстаграмда жонли эфир қилгандим. У эфиримда роса сўкингандим. Лекин аниқ бир шахсга қаратиб сўкинмадим, шунчаки умумий. Қизиғи, эфир оддий бошланган. 2-3 дақиқадан кейин шунча пайтдан бери бузилиб кетган асабларим туфайли сўкина кетдим. Менимча, барчага таниш вазият.
Орасида машина нархлари бўйича ҳам сўкинишларим бор эди. Машина нархларини «асоссиз танқид» қилибман. "УзАМ" шунга хафа бўлибди экан, мени жонли эфиримни дискка кўчириб, Ички Ишларга ариза ёзибди. Товба.
У ерга борганимдан кейин, менга Ички ишлар вазирлигидан телефон қилиб, мени асоссиз чақиришганини айтиб, узр ҳам сўрашди. Чунки мен эфир давомида маълум бир шахсга нисбатан сўкинмадим.
Хуллас, ниманидир баҳона қилишмоқчи экан УзАМ. Топган баҳонасини қаранг. Ёш болага ўхшайди. Бирор бир жиддийроқ нарса, деб ўйлагандим.
Шу вақт ичида менга жуда кўп жойдан қўнғироқ қилишди. Вазиятда ёрдам бермоқчи бўлган кўплаб дўстларим, блогерлар, канал админлари, депутатлар, Вазирлик ва ИИБ га катта раҳмат!
Бу аризани ёзган "UzAutoMotors" юридик бошқармаси директори Р.Р. Шаймардоновга алангали саломлар.
Блогерларнинг жонли эфирини томоша қилиш шарт эмас. Иссиқ кабинетдан кўчага чиқинг, авто нархлари ҳақида халқнинг фикрини сўранг. Ҳаммасини номига ариза ёзишга умрингиз етмайди, ўртоқ Шаймардонов, ёки Шаймардоновга шу буйруқни берган бошқа одам…", деб ёзган блогер Умид Гафуров.






