Об-ҳавонинг бирданига ўзгаргани, қор ёғиб йўлларнинг сирпанчиқ ҳолатга келиб қолгани серқатнов трассаларда автомобиллар ҳаракатини қийинлаштириб қўйди.
Бунинг оқибатида Самарқандда 20 нафар йўловчиси бўлган автобус ҳалокатга учради. ЙТҲ ҳақида вилоят прокуратураси расмий хабар берди.
Хабарда айтилишича, 2020 йил 18 ноябрь куни соат тахминан 22:30 да ҳайдовчи А.И. бошқарувида бўлган “GOLDEN DRAGON” русумли автобус 20 нафар йўловчи билан Оқдарё туман “Пахтаобод” маҳалласи, “Мустақиллик” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд-Бухоро” М-37 автомобиль йўлида ағдарилиб кетган. Бунга асфальтнинг юза қисми сирпанчиқ бўлганлиги сабаб бўлгани айтилмоқда.
Бунинг натижасида ҳайдовчи автомашина бошқарувини йўқотиб қўйган ва йўлнинг ўнг томон четки қисмидаги пастликка ағдарилиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
ЙТҲ натижасида автобусда йўловчи сифатида келаётган фуқаролар А.Б. ва Ф.Р.лар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Ҳодиса содир бўлган жойга тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.






