12-13 ноябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳрида бунёд этилган Давлат хизматлари маркази фаолияти билан ҳам танишди. Бу каби марказлар барча вилоят, шаҳар ва туманларда ҳам бор, дейишингиз мумкин. Айнан Қарши шаҳридаги Давлат хизматлари марказининг бошқаларидан фарқи, афзаллиги ва сарлавҳа саволи юзасидан Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев ўз муносабатини билдирди.


ОДДИЙ ОДАМ БЎЛИБ КИРИБ, ТАДБИРКОР БЎЛИБ ЧИҚИБ КЕТИШ ИМКОНИЯТИ БОР МАРКАЗ
“Қарши шаҳридаги Давлат хизматлари марказида 45 нафар операторлар томонидан давлат хизматлари ва бундан ташқари, 20 дан ортиқ пуллик, жами 148 та хизматлар кўрсатилади. Бу ернинг бошқа марказлардан фарқли томонларига қарайдиган бўлсак, бу ердан нотариус, тижорат банклари кассалари, банкоматлар ҳам ўрин олган. Бу нима беради? Масалан, тадбиркор янги бизнес очяпти. Ўз бизнесини рўйхатдан ўтказиб, шу ернинг ўзида банкдан ҳисоб рақамини ҳам очиш имконига эга бўлади. Яна бир янги жиҳати, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус планшетларда сурдо таржимон асосида, ноқулайликларсиз хизмат кўрсатилади. Бундан ташқари, тўртта ўрнатилган капсулаларда фуқаролар ўз-ўзига хизмат кўрсатиши ҳам мумкин бўлади”, - дейди Улуғбек Муҳаммадиев.
Жорий йил февралда фойдаланишга топширилган ушбу муассасада шу пайтга қадар 300 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан 2 мингга яқини филиаллар орқали, мингга яқини эса сайёр тарзда амалга оширилди. Марказ биносида Президентнинг Халқ қабулхонаси ва Бош вазир қабулхонаси ҳам жойлашган.

ПРЕЗИДЕНТ КЎРСАТМАСИ
Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитлар билан танишиб, хизматлар кўлами билан қизиқди. Одамлар талабидан келиб чиқиб, янги хизмат турларини йўлга қўйиш, маҳаллалар билан онлайн боғланиб, аҳолига қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берди. Бундай марказларда кўрсатилаётган хизматлардан одамларнинг хабардорлигини ошириб, кенг фойдаланишга ўргатиш муҳимлигини таъкидлади. “Давлат хизматлари маркази орқали одамлар давлатнинг эътиборини сезиши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.



ИСТАЛГАН ФУҚАРО ТОШКЕНТДАН ХОРИЖГА ЧИҚИШ ПАСПОРТИНИ ОЛИШИ МУМКИНМИ?
“Агар фуқаро биринчи мартта бу турдаги паспортни олаётган бўлса, у албатта ўз яшаш манзилига кўра паспорт олади. Паспорти эскирган, яроқсиз ҳолга келган, алмаштириш шарт бўлган фуқарорлар эса Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин. Хозирча республиканинг бошқа ҳудудида яшаб туриб, бошқа шаҳар ёки тумандан паспорт олиш имкони йўқ. Лекин келажакда бу бўйича режаларимиз ҳам йўқ эмас”, - дея саволга аниқлик киритди Улуғбек Муҳаммадиев.
Сардорбек Раҳмонқулов тайёрлади
Мавзуга оид:
Бепул ва докторсиз клиника. Ундан бизга қандай фойда бор?
“Қашқадарё йили”да вилоятдаги ўзгаришлар бўйича масъуллар қандай ваъдалар беришмоқда?






