АсосийJamiyat

Совуқ об-ҳаво кейинги хафтанинг бошигача сақланиб туради — Ўзгидромет

'Совуқ об-ҳаво кейинги хафтанинг бошигача сақланиб туради — Ўзгидромет'ning rasmi

Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати Ўзбекистонда фавқулодда кузатилган қорли совуқ об-ҳаво юзасидан маълумот берди. 

Маълум қилинишича, 18 ноябрда бизнинг илиқ мамлакатимизга Урал ҳудудларидан жуда совуқ антициклон кириб келди. Антициклон чинакам қишки об-ҳавони қор ёғиши ва совуқни олиб келди. Ўзбекистон ҳудудлари бўйича ёғингарчилик, асосан қор кўринишида кузатилди, тоғ ҳудудларининг баъзи жойларида қор кучли бўлди. Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ва чўл зоналарида ёғингарчилик кузатилмади.

Қор ёғиши пайтида баъзи жойларда кўриниш 50-100 метргача ёмонлашди. Йўлларни яхмалак қоплади. Кечга томон республикамизнинг марказий ва шарқий ҳудудларида баландлиги 6 см дан 14 см гача, баъзи жойларда 20-25 см гача бўлган қор қоплами ҳосил бўлди. Қор қоплами олдинроқ шаклланган тоғли ҳудудларда қор баландлиги 10-30 см ни ташкил этди.

Ҳаво ҳарорати кун давомида 3-5 даража совуқ бўлди. Кечаси деярли барча жойларда ёғингарчилик тўхтади, совуқ эса кучайди. Тошкент шаҳрида термометр 9 даража совуққача, республиканинг баъзи жойларида 10-13 даража совуққача, шимолда ва чўл зоналарида 15-18 даража совуққача пасайди. Бундай ҳарорат меъёрий қийматлардан (ўртача кўп йиллик) 10-15 даражага кам бўлди.

Ўзбекистонда ноябрь ойининг иккинчи ярмида қор ёғиши одатий ҳол эмас. Ёмғирни қорга айланиши ва беқарор қор қоплами шаклланиши ўтган йил ҳам қайд этилган, 2016 йилда эса қор шу кунларда ёғган. Аммо бу даврда бундай паст ҳарорат жуда камдан-кам кузатилади.

Ўзбекистон ҳудудларида совуқ об-ҳаво кейинги хафтанинг бошигача сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кечалари 6-9 даража совуқ, кундуз кунлари 2 даража совуқдан 3 даража илиққача бўлиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар