Аввалроқ, транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси тақдим этган маълумотлар асосида Ўзбекистоннинг 6 та вилоятидаги 26 та кўприкнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани хабар қилинган эди.
Ушбу хабар аҳоли орасида турли муҳокамаларга, жумладан кўприк қурувчиларига тегишли салбий фикрларга сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ муҳокамалардаги фикрларга муносабат билдирди.
"Таъкидлаш жоиз, 2017 йил 4 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–3309-сонли “Автомобиль йўллари кўприкларини, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотларни қуриш ҳамда фойдаланишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси автомобиль йўллари кўприкларини, йўл ўтказгичлар (ёндошиш йўллари билан бирга 500 погон метрдан кўпроқ узунликда) ва бошқа сунъий иншоотларни эксплуатация қилиш бўйича ваколатли ташкилот этиб белгиланган эди. Мазкур ваколат 2019 йил 9 декабрдаги ПФ – 5890-сонли “Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси зиммасига ўтказилди.
Яъни, бугунги кунда, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонаси автомобиль ва темир йўллар учун кўприк ва йўл ўтказгичлар, туннеллар ва бошқа қатор транспорт воситалари учун иншоотларни қуриш соҳасида етакчи корхона ҳисобланади. Айнан қурилишлар учун жавоб беради, унинг эксплуатацияси эса корхона зиммасига кирмайди. Шу ўринда эслатиш жоизки, «Кўприкқурилиш» Трести – пудрат ташкилоти сифатида Давлат томонидан тасдиқланган дастурлар доирасида, буюртмачи томонидан тасдиқланган лойиҳалар ва шартномалар асосида қурилиш ишларини бажаради холос", дейилади Жамият Ахборот химзати хабарида.






