Бугун, сахар соат 03:00ларда Сирдарё вилояти Сирдарё тумани, Ёшлик маҳалласи Ихлос кўчаси 23-уйда катта ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Келтирилишича, Сирдарё тумани ФВБ навбатчи-дипетчерлик хизматига Сирдарё тумани, Ёшлик маҳалласи Ихлос кўчаси 23-уйдаги 3 та вақтинчалик қурилган (времянка) хонанинг 38 кв.м. майдонида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида ҳабар келиб тушган. Ёнғин жойига, жанговар экипажлар соат 03 дан 18 дақиқа ўтганда етиб бориб, 03 дан 21 дақиқа ўтганда қуршаб олинган ва 03 дан 55 дақиқа ўтганда бартараф этилган.
Ёнғин натижасида, яшаш уйи ичида бўлган, уй эгаси 1974 йилда туғилган М.И. ва унинг ўғли 2001 йилда туғилган М.Қларнинг куйган ҳолдаги жасадлари топилган.
Шунингдек, ёнғин содир бўлган хонадонда бўлган уй эгасининг ўғли 2004 йилда туғилган М.Қ ва уй эгасининг жияни 2006 йилда туғилган С.Қлар куйиш тан жароҳати олганлар.
Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва зарари аниқланмоқда. Ҳозирда ҳолат бўйича туман Прокуратураси ва туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Фуқароларимиздан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишларини сўраб қоламиз. Ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлигига бефарқ бўлманг!" дейилади Бошқарма хабарида.






