АсосийJamiyat

Чипта пули—1 миллион 510 минг сўм истеъмолчига қайтарилди

'Чипта пули—1 миллион 510 минг сўм истеъмолчига қайтарилди'ning rasmi

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасининг хабар қилишича, Когон туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Р. Россия Федерациясига сафар қилмоқчи бўлиб, ўтган йил 12 ноябрь куни “Sanjarsistemservis” МЧЖ га қарашли авиакассадан чипта харид қилганди. Унга кўра фуқаро 2020 йил 28 март куни “Бухоро––Москва” йўналишида қатновчи самолётда чет элга учиб кетиши лозим эди. Аммо мамлакатимизда пандемия туфайли бошланган карантин чекловлари, халқаро парвозларнинг тўхтатилгани сабабли фуқаро мақсадига етолмади.    

Аммо орадан саккиз ой ўтиб ҳам чипта пулини қайтариб ололмаган фуқаронинг аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Истеъмолчига пулни қайтариш ўрнига ваучер таклиф қилинди. Албатта, аэропорт мижози бундан норози бўлди. Ниҳоят, истеъмолчининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ қабулхонаси” вилоят бўлимига қилган мурожаати эътиборсиз қолмади. Айни ҳолат юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг вилоят ҳудудий тузилмаси томонидан “Uzbekistan Airways” АЖ га сўров хати юборилди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 21-моддасига кўра хизмат кўрсатувчи ва мижоз ўртасидаги шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

Агар, уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга мажбур этишга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги қайд қилинган. Қонун талабидан келиб чиққан ҳолда  фуқаро М. Р. га авиачипта учун тўлаган 1 миллион 510 минг сўм пули қайтарилди.

"Кези келганда, таъкидлашни истардикки, юқоридаги каби, жойларда истеъмолчилар ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар кузатилганида, республика Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги вилоят ҳудудий тузилмасининг 11-59 рақамли “Ишонч телефони” га мурожаат қилишни эслатиб ўтамиз"дейилади хабарда. 

 

    Бошқа янгиликлар