АсосийJamiyat

Пойтахт мактабларида шароитлар яратилганига қарамай ОТМга кириш бўйича кўрсаткич паст. Вазир ўтказган йиғилишда шу масала муҳокама этилди

'Пойтахт мактабларида шароитлар яратилганига қарамай ОТМга кириш бўйича кўрсаткич паст. Вазир ўтказган йиғилишда шу масала муҳокама этилди'ning rasmi

20 ноябрь куни Президент пойтахтда фаолият олиб бораётган педагоглар билан мулоқот қилган эди. Давлат раҳбари йиғилишди тиббиёт ва таълим – давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўприги эканлигини, агар ушбу тизимлар тўғриланса, адолат таъминланиб, халқимиз рози бўлиши ва Тошкент бунда намуна бўлиши кераклигини таъкидлаган эди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкент шаҳри туман халқ таълими бўлими раҳбарлари ҳамда барча мактаб директорлари билан йиғилиш ўтказди.  Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг пойтахтда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан мулоқотида берилган вазифалар муҳокама этилди.

Халқ таълими вазири бугун Тошкент шаҳри мактабларида бошқа ҳудудлардагига нисбатан яхшироқ шароитлар яратилганига қарамай уларда олий таълим муассасаларига кириш бўйича ўртача кўрсаткич пастлигини, хусусан 116 та мактабда 10 фоиздан, 152 та мактабда 20 фоиздан кам эканлигини қайд этди.  

Айниқса, таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда таълим сифатини ошириш ва битирувчиларнинг келажакда муваффақиятга эришишига йўналтириш муҳимлиги таъкидланди.

Танқидий руҳда кечган йиғилишда пойтахт мактабларидаги аҳволни тубдан яхшилаш вазифалари қўйилиб, Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасига Козимжон Хасанов раҳбар этиб тайинланди.

Козимжон Хасанов 1978 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

У Бирлашган Миллатлар ташкилоти тараққиёт дастури -ўқув ишлари координатори, Тошкент Халқаро Вестминстер университети қошидаги академик лицейи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махус, касб-ҳунар таълими маркази ва қатор хусусий мактабларда раҳбар лавозимларида фаолият юритган.

 

    Бошқа янгиликлар