Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги мавзуси бу йилнинг энг муҳим масалаларидан бирига айланган айни пайтда маҳсулотлар сақлаш учун совуқхоналарнинг ўзимизда ишлаб чиқарилиши бошланганлиги яхши янгилик бўлди. Талаб бор бўлган маҳсулот – совуқхона қуриш учун қанча маблағ зарур? Кўпчиликни қизиқтирган ушбу саволга 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги Технопарк ҳудудида янги иш бошлаган корхоналар фаолияти билан танишиш жараёни баҳонасида жавоб топдик.


ТЕХНОПАРКНИНГ ЯНГИДАН ИШ БОШЛАГАН “С” БЛОГИ ФАОЛИЯТИ
Алимардон ҚОДИРОВ, муҳандис-технолог:
— 10 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз 35 минг кв./м. майдонда жойлашган. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 80 минг дона совуқхона ва кондиционерлардан иборат. Ҳозирда 300 дан ортиқ ишчиларимиз ўз фаолиятларини олиб бормоқда.
ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИГАН МАҲСУЛОТЛАР ҲАҚИДА
— Маҳсулотларимизга келсак, бизда ҳаво кондиционерлари, хонани филтьрловчи вентилацион тизимлар, чиллерлар ва совуқхона жиҳозлари ишлаб чиқарилади. Йилига 70 минг тонна озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган совуқхоналар ишлаб чиқариш имкониятимиз мавжуд.




СОВУҚХОНА ҚУРИШ ХАРАЖАТЛАРИ ҚАНЧА?
— Шу пайтгача юртдошларимиз совуқхона қуриш учун Туркия, Хитой ёки бошқа Европа мамлакатларидан техник жиҳозларни олиб келиб ўрнатишарди. Энди бу имконият ўзимизда бор. Маҳсулотларни сақлаш учун совуқхоналар қуриш бўйича биз ва диллерларимиз орқали шартнома тузиш мумкин. 100 тонналик совуқхона қуриш харажатлари шартнома бўйича 200 млн. сўм атрофида бўлади.
Унинг айтишича, Технопарк маҳсулотларига қизиқиш хозирдан бошланган. Жумладан, МДҲ давлатлари, Африка қитъасидан Нигерия, Бирлашган Араб Амирликлари, Эрондан маҳсулотларга талаб бўляпти.
Бироз аввал Тошкент авиация заводи ҳудудида янгидан реконструкция қилинган Технопарк биноларининг эски ва янги ҳолатини солиштириш орқали унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳам таққослаган эдик.
Сардорбек Раҳмонқулов суҳбатлашди






